Ўзбекистон | 21:55 / 03.02.2024
26127
17 дақиқада ўқилади

Германияда иш ўринлари, ўқитувчилар ҳақида қонун ва сотилган Magic City — ҳафта дайжести

Германия ўзбекистонликлар учун 50 мингта иш ўрнини таклиф қилмоқда. Ватандошларимиз энди Қозоғистонда 1 ой регистрациядан ўтмай яшаши мумкин. Очилбой Раматовнинг комплекси президент танқидига учради. МТРКнинг 20 йиллик раҳбари ишдан олинди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Қозоғистонда – 30 кунгача регистрациясиз

Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиб туриш муддати 5 кундан 30 кунга узайтирилди. Худди шундай тартиб Ўзбекистонга келган қозоғистонликлар учун ҳам амал қилади. Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшни мамлакатда вақтинча бўлиб туриш муддати 6 ой давомида жами 90 кундан ошмаслиги керак. Бу ҳақдаги келишувни 31 январ куни Қозоғистон парламенти тасдиқлади.

Икки давлат ўртасидаги тегишли баённома Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2022 йил декабр ойида Тошкентга ташрифи вақтида имзоланган эди. Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳужжатни 2023 йил апрел ойида ратификация қилган.

Икки йил олдинги ташриф вақтида имзоланган яна бир ҳужжатни ҳам Қозоғистон парламенти маъқуллаши кутиляпти. Бу – ўзаро муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги шартнома. Ўзбекистон томони шартномани 2023 йил охирида ратификация қилган. Расмий Остона ҳам буни тасдиқлагач, икки республика расман иттифоқчи давлатларга айланади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасини демаркация қилиш жараёни якунланган, икки давлат маҳкумларни алмашиш тўғрисидаги битимни ҳам тасдиқлаган эди.

Германия ва Кореяда – иш ўринлари

Германия Ўзбекистон фуқаролари учун 50 мингта иш ўрнини таклиф қиляпти. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эълон қилди. Унга кўра, Германияда ҳамширалик, юк машинасида ҳайдовчилик, юк машиналари ва қишлоқ хўжалиги машиналарига техник хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, ресторан, туризм, ҳунармандчилик, мехатроника, қурилиш ва бошқа соҳаларга қарийб 50 минг нафар ўзбекистонлик ишга олинади.

Агентликка кўра, номзодлар тил билиш даражасига қараб тўғридан тўғри ёки дуал таълим орқали ишга жалб этилади. Дуал таълим орқали ишга борганларга 1000 евродан, тўғридан тўғри ишга қабул қилинганларга эса 2000 евродан бошланувчи маош таклиф этилади. Тил билмайдиган, лекин саралаб олинган номзодлар аввалига шу ернинг ўзида немис тилига ўқитилади. Талабгорлар Миграция агентлигининг онлайн сўровномасини тўлдириш орқали ариза бериши мумкин.

Бундан ташқари, Бандлик агентлиги Жанубий Кореяга 37 минг нафар ишчи юборилишини ҳам эълон қилди. Вазирликка кўра, бунинг учун йил давомида илк марта 100 минг киши танловларга жалб этилади. Улар орасидан саралаб олинган 37400 киши ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида ишлаш учун Кореяга юборилади. Маошлар ўртача 2000-2500 доллар бўлиши айтилмоқда.

Бунинг ортидан, бандлик вазири Беҳзод Мусаев Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Алам Хемсон билан учрашгани маълум қилинди. Унда ўзбекистонликларни Канада меҳнат бозорига жалб этиш масаласида музокара ўтказилган. Икки давлатнинг хусусий рекрутинг компаниялари ўртасидаги алоқа ўрнатиш, фуқароларни Канадага юбориш ва виза олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Аввалроқ Полша Ўзбекистонни меҳнат бозорига кириш осонлаштирилган давлатлар рўйхатига қўшиши мумкинлиги, Қатар билан меҳнат миграцияси бўйича битим тасдиқлангани, бу йўналишда Болгария билан ҳам музокаралар ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Агар айтилаётган ҳаракатлар тўлиқ амалга ошса, меҳнат миграцияси йўналишларини инсон қадри баланд мамлакатлар ҳисобига диверсификация қилишда муҳим қадамлар ташланган бўлади. Асосийси, Ўзбекистон ҳукумати, Миграция агентлиги ва хориждаги ўзбек дипломатияси бу имкониятлардан максимал фойдаланиш чораларини кўриши керак. Яъни ҳақиқатан ҳам камида 84 минг ватандошимиз Германия ва Кореяга ишлагани бориши, яна бошқа давлатлар билан ҳам шундай ҳамкорлик йўлга қўйилиши жуда ҳам муҳим.

Буни алоҳида таъкидлашимизнинг сабаби шундаки, бир неча кун олдин президент Шавкат Мирзиёев бу соҳадаги масъулларнинг фаолияти қониқарсизлигини алоҳида кўрсатиб ўтган эди. “Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилди”, – деганди давлат раҳбари 16 январ кунги селекторда. Президент тегишли камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уларни уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифасини қўйган.

Шавкат Мирзиёев шу ҳафта бўлиб ўтган селекторда ҳам мигрантлар масаласига тўхталди. Президентнинг айтишича, пандемия пайтида темирйўл қатновлари 2 баробарга қисқаргани оқибатида одамлар чет элга машина ёки автобусда кетишга мажбур бўляпти, натижада қиш ойларида хорижий давлатларда ўзбекистонликлар иштирокидаги автоҳалокатлар кўпайган. Шу муносабат билан масъулларга чет эллик ҳамкорлар билан музокара ўтказиб, темирйўл қатновлари сонини пандемиягача бўлган даражага қайтариш вазифаси юклатилди.

Шу ўринда, хорижга ишга жўнатишни ваъда қилаётган фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирамиз. Куни кеча Самарқанд ва Жиззах вилоятларида одамларни Англия ва Полшага ишга юборишини айтиб пул олган шахслар ушланди. Маълумот учун, лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари рўйхатини Бандлик вазирлигининг сайтидан топиш мумкин.

Президент: “Шаҳар – пиёдалар учун”

Душанба куни президент ҳузуридаги селекторда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг комплекси – қурилиш, коммунал хўжалик, транспорт ва экология масалалари кўриб чиқилди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бу комплекс одамлар энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири бўлиб қоляпти.

Йиғилишда президент Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликлар сабабли тўрт нафар раҳбарга нисбатан интизомий чора кўришни буюрди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Шавкат Мирзиёев жамоат транспортидаги муаммолар етарлича ҳал қилинмагани, натижада Тошкентда ҳатто 10 баллик тирбандликлар ҳам кузатилаётганини айтди.

“Шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар “Шаҳар – пиёдалар учун” деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шарт. Бунда, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши керак”, – деди давлат раҳбари.

Президент ҳаво ифлосланиши ҳақида ҳам сўз юритиб, бунга транспорт, саноат ва қурилишлар билан боғлиқ комплекс омиллар сабаб бўлаётганини айтди. Йил охиригача 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент заводларида замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш кераклиги таъкидланди. 1 апрелдан бошлаб ҳудудларнинг ҳаво, сув ва атроф-муҳит ифлосланиш даражасини кўрсатувчи рейтинг жорий этилади. Шунингдек, ҳаво сифатини мониторинг қилувчи станциялар ҳам кўпайтирилади.

Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга республикада келаси йилдан бошлаб Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш масаласини топширди. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошган автомобиллар ва Евро-4 стандартидан паст ёнилғи ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, аҳоли элетромобилларга ўтишга рағбатлантирилади. Ўтган йили пойтахтга мингта автобус олиб келинган бўлса, энди жорий йил охиригача вилоятларга 1200 та автобус олиб келиш вазифаси қўйилди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг парламентдаги чиқишида айтишича, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг 60-65 фоизи Аи-80 бензинида юрадиган автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Ифлосланишнинг яна 15-20 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг чўлланган ҳудудларидан учиб келаётган чанг зарралари, яна 20 фоизи кўмир, мазут ва саноат корхоналари билан боғлиқ, деди Абдуҳакимов. У янги цемент заводларини қуриш тўхтатилишини ҳам айтди. Экология вазирлигининг ўрганишларига кўра, республикада мавжуд 47 та цемент заводидан 23 тасининг фаолияти экологик талабларга жавоб бермагани ёки бошқа сабабга кўра тўхтатилган, ишлаб турган заводларнинг ҳам 90 фоизи экологик талабларга жавоб бермайди. “Бу бўйича ҳар бир корхонага тегишли огоҳлантириш бердик”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Вазирнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри атрофида яшил белбоғ эмас, кулранг белбоғ пайдо бўлган. Бунга кўмирга ўтган иссиқхоналар сабаб қилиб кўрсатиляпти.

“Шаҳар атрофида 1300 дан ортиқ иссиқхоналар бўлиб, уларнинг кўплари кўмирда иситишга ўтган. Лекин минг афсуски, улар экологик экспертиза хулосасида кўрсатилганидек филтрлар ўрнатмасдан, тўғридан тўғри кўмирларни ёқиб, ҳавога жуда кўп зарарли моддалар чиқаряпти”, – деди у.

Охирги хабарларга қараганда, пойтахт устини қоплаб олган тутунда “Тошкент” иссиқлик электр станциясинининг ҳиссаси катта бўлган. Экология вазирлиги электр ишлаб чиқаришда газни тежаш мақсадида мазут ёқиб атроф-муҳитни ифлослантиргани учун станция зиммасига 1 млрд сўм компенсация тўлаш мажбуриятини юклади. Бундан ташқари, ИЭСга 16 та банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилган. “Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИЭС мансабдор шахсларига тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилмоқда”, – дейилади вазирлик хабарида.

Албатта, бу ўринда станция мансабдорлари фақатгина топшириқнинг ижрочиси бўлгани тушунарли. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қиш кириб келиши олдидан парламентда берган ҳисоботида, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун ўтган йилгидан 10 баробар кўп мазут захираси яратилаётганини айтганди. “Ўтган йили 22 ноябр ҳолатига ИЭСларимизда 46 минг тонна мазут захираси бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тоннадан ортиқ мазут захираси яратилди. Йил охиригача бу захира 500 минг тоннага етказилади”, – деганди Мирзамаҳмудов.

Коррупцияга қарши кураш

Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш рейтингидаги ўрнини 5 поғонага яхшилади. 2023 йил якунларига кўра, Transparency International'нинг Коррупцияни сезиш индексида мамлакатимиз 5 поғона юқорилаб, 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади. Индекс мезонларига асосан, Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашиш даражаси 100 баллик шкалада 33 баллга баҳоланган. Бу – бир йил олдингига қараганда 2 баллга юқори.

Айни пайтда, Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ўтган йили 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 15 фоизга кўп. Айни пайтда, жиноий жавобгарликка тортилган республика даражасидаги амалдорлар сони 2 баробарга – 110 нафардан 49 нафарга камайган. Мансабдорлар ўртасида энг кенг тарқалган жиноят тури – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўлиб қолмоқда.

Ҳафта давомида жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Мингбулоқ туман суди раиси 2 минг доллар пора олаётганда ушланди. У бу пулларни судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш эвазига сўрагани айтиляпти. Бухорода эса Энергоинспекциянинг вилоят бошқармаси мансабдори 50 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди. Бош прокуратура хабарига кўра, у вилоятдаги бензин шохобчаларидан бирига лицензия бериш ва 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда олдиндан огоҳлантириш учун 100 минг доллар талаб қилган ва бу пулларнинг ярмини олаётганида ушланган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: “Magic City'ни сотдим”

Тошкентнинг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Crafers, Mediapark ва Magic City каби 7 та йирик компаниясини сотганини маълум қилди. Бу ҳақда у 1 феврал куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтган “Бизнес марафон”да айтиб ўтган.

“Crafers'ни сотдим, чунки бу соҳада обрў қозона олмадим, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни эплай олмайдим. Mediapark'ни ҳамма магазинлари билан сотдим – ким ишлаётган бўлса, ўшанга сотдим. Ecobozor'нинг биттасини сотдим. Akfa Lighting'ни сотдим. Magic City'ни сотдим. Basalt'ни ҳам немисларга – Knauf'га сотдим. Айтмоқчиманки, 5 йилда ўзимни ўзим бир “тозалаб” оламан. Керак эмасми, унга қизиқмаяпманми, унга пул тикмаяпманми – сотаман. Ва яна бошқа очавераман. Яхшисини олиб қолиб ривожлантираман, қолганларини тозалаб ташлайвераман”, – деди собиқ ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев санаб ўтганлари қаторида Magic City жамоатчиликнинг кўпроқ эътиборини тортди. Шу номдаги кўнгилочар парк 2017-2021 йиллар оралиғида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида қурилган. Очиқ манбаларга кўра, “Magic City” савдо белгисининг илк эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли J-United Group компанияси бўлган. Ҳозир бу савдо белгисига нисбатан ҳуқуқлар “Stargate Systems” МЧЖга тегишли. Аввалроқ Ортиқхўжаевнинг AKFA гуруҳи таркибига кирган бу компанияга Миллий боғнинг 20 гектардан ортиқ ҳудуди 49 йилга ижарага берилган.

Ҳозирда Stargate Systems тўлиқлигича Абдувоҳидов Алишер Абдужабборовичга тегишли. У боғ масаласидаги муҳокамалардан кейин мурожаат билан чиқиб, паркни эмас, паркни бошқарувчи компанияни сотиб олгани, ижара муддати тугаганидан кейин парк тўлиқ давлат ихтиёрига қайтарилишини айтди. Алишер Абдувоҳидов ўзини таништириб, узоқ йиллар Akfa компаниясида ишлагани, Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса укасининг қайнотаси эканини маълум қилди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаевнинг айтишича, аввалроқ стадиони билан қўшиб сотувга қўйилган “Пахтакор” футбол клубини Жаҳонгир Ортиқхўжаев сотиб олиб, стадион атрофини паркка айлантирмоқчи бўлган. Эслатиб ўтамиз, жамоатчилик вакилларининг стадионни клубга қўшиб сотмаслик кераклиги ҳақидаги чиқишларидан кейин “Пахтакор”ни хусусийлаштириш жараёни вақтинча тўхтатилган эди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Шу тариқа, ўқитувчиларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш қонун билан тақиқлаб қўйилди. Педагоглар мансабдор шахслар устидан судга шикоят қилганида давлат божини тўлашдан озод этилди. Шу ҳафта эълон қилинган 2024 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, сентябр ойидан бошлаб миллий сертификатга эга она тили ва адабиёт ҳамда тарих ўқитувчиларига 50 фоизлик устама тўланади.

2023 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 14 фоиздан 11 фоизга тушгани маълум қилинди. Яъни ўтган йили ҳар ўн нафар ўзбекистонликдан камида бир нафари ойига 568 минг сўмдан кам даромад топган. 2024 йилдан бошлаб камбағаллик чегараси 621 минг сўм деб белгиланганидан келиб чиқиб, 1 февралдан эътиборан 5 хил турдаги нафақалар миқдори шунга тенглаштирилди. Яна бир маълумот: Статистика агентлигига кўра, ўтган йили кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ҳисобга олмаганда, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 4 млн 551 минг сўм бўлган. Соҳалар кесимида тиббиёт ва таълимдаги ойликлар энг паст даражада қоляпти.

1 февралдан “Ташаббусли бюджет”нинг бу йилги илк мавсумига старт берилди. Биринчи босқичда “Open budget” порталига таклифларни 20 февралгача киритиш мумкин. Бу мавсумдан бошлаб лойиҳада “бир фуқаро – бир овоз” принципи жорий этилган. Унга кўра, фуқаронинг шахси унинг SIM-картаси орқали идентификация қилинади, бир кишининг нечта SIM-картаси борлигидан қатъи назар, у фақат бир марта овоз бера олади. Бундан ташқари, эндиликда бажарилган иш сифати бўйича ташаббускорларнинг розилигини олмай туриб, лойиҳалар фойдаланишга қабул қилинмайди.

Боқий Бухоро маданий-этнографик парки дастлабки режалаштирилган жойида қуриладиган бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зарипов 31 январ кунги матбуот анжуманида эълон қилди. Лойиҳани амалга ошириш учун шаҳар марказидаги 32,6 гектар майдонда жойлашган стадион, ҳокимлик ва бошқа маъмурий бинолар бузилиб, бошқа жойга кўчирилади. Эслатиб ўтамиз, бу масала бир йил олдин жамоатчилик эътирозларидан кейин тўхтатилган, ЮНЕСКО туризм марказини тарихий шаҳарнинг буфер зонасида қурмасликка чақирган эди.

Ҳафта давомида бир қатор лавозим тайинловлари амалга оширилди. Миллий телерадиокомпания – МТРКни салкам 20 йил бошқарган Алишер Хўжаев истеъфога чиқарилиб, ўрнига бош вазир котибияти раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Абдурашид Жўрабоев тайинланди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов олий таълим вазири лавозимини эгаллади. 5 йилдан бери бўш қолаётган лавозим – Ҳисоб палатаси раислигига эса иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Адиз Бобоев тайинланди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов Маънавият ва маърифат марказига раҳбар бўлди. Марказнинг аввалги директори Минҳожиддин Мирзо Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилди. У ўтган ҳафта Ўзбекистонда хориж пропаганда каналларини дарҳол тақиқлаш кераклигини айтгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди.

Мавзуга оид