Ўзбекистон | 20:37 / 23.04.2022
56616
12 дақиқада ўқилади

Раббимовга нима бўлди, болаларга-чи, вазир қаерда? — ҳафта дайжести

Шиддатли селлар, “панелний”даги сиёсатшунос, саломатлиги яширилаётган вазир, болалар билан боғлиқ нохуш воқеалар ва бошқалар. Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг асосий янгиликларини битта видеода жамлаб тақдим этади.

Бу баҳор ҳам сел қурбонларисиз ўтмади

Март ойидаги тинимсиз ёғингарчиликдан кейин, бир неча ҳафта давом этган иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шу ҳафта яна баҳор ҳавосига алмашди. Айниқса Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кучли ёмғирлар кузатилиб, тошқин ва селларга сабаб бўлди.

Энг кўп талафот Жиззахнинг Фориш туманидаги Эгизбулоқ қишлоғида кузатилди. Бу ердаги 260та уйнинг барчасига зарар етди, 53та уй жиддий талафот кўрди. 20 апрел куни 4 киши ҳалок бўлгани аниқланди, эртасига яна бир кишининг жасади топилди. Қурбонлардан икки нафари – болалар. 6 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Қишлоқда яшовчи юздан ортиқ инсон қариндошларининг уйига кўчириб ўтказилди, уларга гуманитар ёрдам кўрсатилди. Расмийларга кўра, Эгизбулоқда бундай даражадаги сел оқимлари охирги марта тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.

Фото: Kun.uz

Жиззахдан ташқари, сел ва тошқинлар Самарқанднинг қатор туманларида ҳам инфратузилмага зарар етказди. Самарқанд шаҳри кўчалари сув остида қолди, вилоят бўйлаб юздан ортиқ уйга сув кириб борди. Маълум бўлишича, 20 апрел куни бу иккита вилоятда бир ойлик ёғингарчилик миқдори бир ярим соат ичида ёғиб ўтган. 22 апрел куни эса Наманган вилоятининг Косонсой туманида дўл ёғиб, кўчаларни сув босди.

***

Суд-ҳуқуқ тизимининг ҳолатини ўз танасида ҳис этган Камолиддин Раббимов

Ҳафта бошида сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан рўй берган воқеа кўпчиликнинг эътиборини тортди. Узоқ вақт Францияда яшаб, бир неча ой олдин ватанга қайтган сиёсатшунос ОАВдаги танқидий чиқишларидан кейин кутилмаганда йўқолиб қолди.

Душанба куни кечқурун оила аъзоларининг у бир кундан бери йўқлиги, телефони ўчиқлиги ҳақидаги маълумотлари жамоатчиликни сергаклантирди. Kun.uz мухбири унинг “Панелний”да эканини аниқлаши ортидан эса барчаси 2 соат ичида ўзгариб кетди: интернетдаги ажиотаждан кейин Раббимов зудлик билан озодликка чиқарилди.

Маълум бўлишича, Камолиддин Раббимов 17 апрел куни маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб қамоққа олинган, 18 апрел куни эса 15 суткага ҳукм қилинган. Жамоатчилик бундан хабар топгач, шу куннинг ўзида апелляция суди ҳам ўтказилган ва 15 суткалик қамоқ 540 минг сўмлик жарима жазосига алмаштирилган. Бунақанги фавқулодда тезкорлик судларимизда прецеденти йўқ ҳодисами ёки бўлиб турадиган ҳолатми, очиғи билмадик.

Сиёсатшунос нега қамалгани бўйича Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар суди берган изоҳлар бир-биридан фарқ қилади. Вазирлик версиясига кўра, Раббимов Тошкентда ўтказилаётган “санитария-профилактик тадбирлар” вақтида ходимларнинг фаолиятига “асоссиз аралашган”. Суд қарорида эса у гўёки жамоат жойида шовқин кўтаргани, шахсини аниқлаш учун ИИБга таклиф қилган ходимларга қаршилик қилгани ёзилган.

Раббимовнинг сўзларига кўра, у Чорсу бозорида рейд бўлаётган вақтда “қонун устуворлигини шахсий талқинида ўлчаб”, вазиятга аралашган. У воқеани сиёсийлаштирмасликни сўраб, ўзи томонидан ҳам хато ўтганини айтди. Ички ишлар вазирлиги, кутилганидек, бодикамера тасвирларини тақдим этиш бўйича чақириқларни жавобсиз қолдирди.

***

Иродали баёнотдан сўнг: Абдулазиз Комилов қаерда?

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов даволанишдан қайтмаяпти. Бу вақтда унинг вазирлигида кутилмаган тажриба ўтказилиши мумкин.

75 ёшли вазир сурункали касалликлари сабаб муолажа ола бошлаганига 1 ойдан ошди, 29 март куни Комилов даволанишни хорижда давом эттираётгани хабар қилинган эди. Шундан буён бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўзбек дипломатияси раҳбарининг соғлиғи ва қаердалиги ҳақидаги саволларга жавобан вазирлик матбуот хизмати бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтяпти.

Жамоатчилик Абдулазиз Комиловни охирги марта март ойи ўрталарида, Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида кўрган эди. Ўшанда вазирлик раҳбари Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини дадил эълон қилган эди. Айни шу сиёсий иродали чиқишидан кейин даволанишга йўл олгани факти ҳам турли гумонларга сабаб бўляпти.

Ўтган вақт давомида Абдулазиз Ҳафизович ҳақида нафақат ҳеч қандай маълумот берилмаяпти, балки унинг лавозимини тугатиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Маълум бўлишича, ҳукуматда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини қўшиб юбориш режаси бор. Бу вазирликка эса ҳозирги бош вазир ўринбосари – ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов тайинланиши мумкин.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу эҳтимолий тажрибани қўллаб-қувватламаяпти. Фаол жамоатчиликнинг фикрича, “шахслар учун сиёсий институтлар яратилиши эмас, сиёсий институтлар учун шахслар тайинланиши” керак. Яъни конкрет шахсларга атаб вазирлик тузиб бериш давлатчилик анъаналарига мос эмас. Кейинчалик барибир бу тажриба бекор қилиниши эҳтимоли катта. Қолаверса, Афғонистонда ўзгараётган вазият ва Россиянинг ҳозирги ташқи сиёсати шароитида, иқтисодий амбициялардан кўра кўпроқ узоқ муддатли сиёсий мақсадларни кўзловчи, ҳукуматда ҳам ана шундай позицияни эгалловчи вазирликка ҳар қачонгидан-да эҳтиёж юқорилиги айтиляпти.

Шу ўринда, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг тўхтовсиз семириб бораётгани эътиборга молик. Охирги 3 йилда вазирлик таркибида Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши, Техник тартибга солиш агентлиги (собиқ “Ўзстандарт”), Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, учта давлатда вазирлик ваколатхоналари очилди.

***

Диққат марказидаги болалар

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент туманидаги хонадонлардан бирида боқилаётган Африка шери 3 ёшли боланинг боши ва елкасидан тишлаб, уни судраб кетди. Қизалоқ мўъжиза рўй бериб омон қолган. Онаси ва бошқалар уни шернинг оғзидан бир амаллаб чиқариб олишган. Жиддий жароҳатланган бола икки ҳафтадан буён шифохонада, шифокорлар аҳволи қониқарли эканини айтишяпти.

Маълум бўлишича, хонадон эгалари шерни чет элдан олиб келишган. Унинг олиб келингани бўйича ҳеч қанақа ҳужжат йўқлиги айтиляпти. Бу эса, масалан, шернинг эгаси ва божхоначиларга нисбатан саволлар уйғотиши мумкин, лекин ажабланарлиси шундаки, шер ҳайвонот боғига топширилиши ёки қонун йўқлиги сабаб яна эгасига қайтариб берилиши мумкин. Бу борада суд қарори кутиляпти.

Қонунчиликка кўра, сиз боқаётган ит ёки мушук бировни тишлаб олса, бунинг учун арзимас бўлса-да жарима тўлайсиз. Лекин шер воқеаси сабаб маълум бўлдики, ёввойи ҳайвонлар масаласида қонунчилигимизда ҳеч қандай жавобгарлик йўқ экан. Ваҳоланки, уйида шер боқаётганлар ҳақида аввалроқ ҳам бир нечта видеолар тарқалган эди.

Бошқа бир уч яшар қизалоқ Тошкент ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборилгани ҳолати бўйича суд шу ҳафта қарор чиқарди. Унга кўра, она бу қилмишини ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилди ва руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанишга юборилди.

Болаларга оид яна бир кўнгилсиз ҳодиса Андижоннинг Олтинкўл туманида рўй берди. Тумандаги 31-боғчада 4 ёшар бола туш вақтида одатий уйқуга ётиб, қайтиб уйғонмаган.

Боғча ҳамширасининг айтишича, эрталабки қабул вақтида болада ҳеч қандай касаллик аломатлари бўлмаган. Бола уйқудан уйғонмагач, тез ёрдам чақирилган, шифокорлар у уйқу вақтида вафот этганини айтишган. Фожиага экспертиза хулосаси аниқлик киритиши кутилмоқда.

***

Интернатдаги намойиш

Видеодан кадр

Болалар мавзусини давом эттирамиз. 21 апрел куни Тошкентдаги 21-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари норозилик намойиши уюштирди. Интернетда тарқалган видеоларда улар ҳамшира кийимидаги аёлга қарата “кетинг” деб бақираётгани, айримлари плакатлар кўтариб олганини кўриш мумкин.

Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ўтказиб, болаларда шу ерда ишловчи ходимлардан бирига нисбатан эътироз шаклланганини маълум қилди. Вазирлик меҳрибонлик уйидаги муҳит барқарорлашганини билдириб, бошқа тафсилотларни очиқламади. Болалар-омбудсмани Алия Юнусованинг сўзларига кўра, намойишни меҳрибонлик уйи раҳбарияти уюштирган, бундан мақсад эса муассасада бола ҳуқуқларининг бузилиши ва улар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш каби муаммолардан эътиборни чалғитиш бўлган.

Болалар-омбудсмани шу куни муассасага бориб, тарбияланувчиларнинг қочиб кетиши ва бунинг ортидан уларнинг руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилиши ҳолатларини муҳокама қилган. У қочишга уринган болаларнинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиши, бола ҳуқуқларининг бузилиши учун жавобгарлик борлигини айтган. Алия Юнусованинг айтишича, меҳрибонлик уйи раҳбарияти “энг яхши ҳимоя бу ҳужум” деган принципда иш кўрган. Умуман олганда, гап нимадалиги тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда меҳрибонлик уйларини ёпиш ва болаларни оилалар қарамоғига ўтказишга ҳаракат қилинмоқда. Шу ҳафта бўлишича, Қашқадарё вилоятидаги 14 та меҳрибонлик уйидан 10 таси ёпилган, улардаги болалар оилалар бағрига ўтказилган. Президент Кўкдала туманига ташрифида 5 нафардан 10 нафаргача болани асраб олган оила вакиллари ва болалар билан суҳбатлашди.

***

Қонун бир ён, “ГАИ” бир ён

ЙҲХХнинг матбуот анжуманида берилган айрим саволларга жавоблардан шундай хулосага келиш мумкин. Масалан, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчилар қонунда ёзилган ҳуқуқларига ишониб, ёнида фақат ID-картасини олиб юришса, жавобгарликка тортилади. ЙҲХХ масъулларининг айтишича, эски гувоҳномалар инспекторнинг планшетида кўринмайди.

Ёки автомобил олд ўриндиғида камар тақмаган йўловчи 135 минг сўм жаримага тортилишига келсак. Расмийлар бу ҳақда эълон қиларкан, бунақа жарима ҳали кодексларда йўқлигини айтиб ўтиришмади. Бу мисоллар, очиғи, масъулларнинг қонунларга нисбатан ҳурматини савол остига олади.

Матбуот анжуманида айтилишича, “тонировка” нархи бўйича ҳеч қандай янгилик кутилаётгани йўқ. Ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходими дислокациясини жойида талаб қилиш ҳуқуқи нега, нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги савол эса жавобсиз қолди.

***

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Фото: Getty Images

Микромолия ташкилотларига исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатишга рухсат берилди. Янги қонунга асосан, микромолия ташкилотлари ислом молияси тамойиллари асосида қарзлар бериши мумкин. Бундай молиявий хизматга оид нормативларни ислом молиясига бўйича халқаро стандартларга асосланган ҳолда Марказий банк ишлаб чиқади.

АҚШ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари учун 50та автомобил совға қилди. АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, тақдим этилган Toyota Hilux ва Fortuner автомобилларининг умумий қиймати 2,5 млн долларни ташкил этади.

Йилнинг биринчи чорагида ЯИМ 5,8 фоизга ўсгани маълум қилинди. Марказий банк асосий ставкани 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди ва йил охиригача инфляция прогнозини 12-14 фоизгача кўтарди.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафар қилди. Бу вилоятга республика бюджетидан қўшимча 360 млрд сўм ажратилди. Мурод Азимов Қашқадарё ҳокими лавозимига тасдиқланди, президент унга таъриф бераркан, аввалги иш жойи – Божхона қўмитасида коррупция тизимини йўқотганини айтди.

Тошкент трамвайини тиклаш ишларига Туркия ва Чехиядан мутахассислар жалб этилиши мумкин. Kun.uz манбасига кўра, йўналишлар харитаси яқин бир йил ичида ишлаб чиқилиб, трамвай йўлларини қуриш 2023 йилдан бошланиши режа қилинмоқда.

Адлия вазирлиги никоҳни қайд этишдаги 1 ойлик муддатни бекор қилишни таклиф қилди. Қонун лойиҳаси маъқулланса, никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтгандан кейин ортиқча кутмай никоҳни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Сиз ҳафта воқеалари дайжести билан танишдингиз. Тезкор, холис ва аниқ янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз хайрли ўтсин!

Мавзуга оид