Ўзбекистон | 19:04 / 27.08.2023
14240
14 дақиқада ўқилади

Танқидга учраган ҳоким ва «иккичи» абитуриентлар — Ўзбекистон ҳафта ичида

Президентнинг туркий давлатларга ташрифи, олийгоҳларга мандат натижалари, Президент администрациясида янги тайинловлар, тортилиб қолган метан газ — ортда қолган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Президент администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди

Саида Мирзиёева Ўзбекистон президенти ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Шунингдек, Азиз Мағрупов ҳам янгиланган таркибда президент ёрдамчиси лавозимини сақлаб қолган.

Фармонга кўра, иккита ёрдамчи лавозими тузилган, олти нафар маслаҳатчи лавозими қайта ташкил этилган, шунингдек олтита департамент тузилган. Администрация раҳбари ўринбосари лавозимлари тугатилган.

Номларга эътибор қаратадиган бўлсак, Шуҳрат Ғаниев ва Дониёр Қодиров президент маслаҳатчиларига айланди. Бунгача президент маслаҳатчиси бўлган Одил Абдураҳмонов департаментга раҳбар бўлди, президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга ҳам алоҳида департамент раҳбарлиги берилди.

Шунингдек, кўп йиллар энергетика соҳаларини бошқарган Алишер Султонов президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига, Комил Алламжонов эса Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.

Венгрия ва Озарбойжон сафарлари

Ўтган ҳафта охирида Венгрияга амалий ташриф билан борган Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди.

20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.

Будапешт шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, президент Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Сербия президенти Александр Вучич, Татаристон раиси Рустам Минниханов ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбатлашди.

Илҳом Алиев билан учрашув яна давом эттирилди, чунки президент Мирзиёев 23 август куни Озарбойжонга давлат ташрифи билан борди.

Мирзиёевнинг Озарбойжонга ташрифи доирасида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди. Мирзиёев ва Алиев икки давлат ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолашди. Бундай даражадаги келишув фақат жуда яқин бўлган давлатлар ўртасида бўлади.

«Озарбойжон Осиёдан Каспий денгизи орқали Европага чиқадиган энг муҳим «дарвоза»дир. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, икки давлат ўртасидаги мустаҳкамланган муносабатлар ўзаро манфаатли ёндашув орқали янада юқори босқичга кўтарилади», — деган шарқшунос таҳлилчи Сабина Латипова.

Иккала давлат ҳам ўзига хос тарихий ва маданий меросга эга. Туризм индустриясини ривожлантириш, жумладан, туристик оқимларни алмашиш, сайёҳлик йўналишларини яратиш ва инфратузилмани ривожлантириш сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиши ва икки давлат ўртасидаги ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга олиб келади.

Ўзбекистон ва Озарбойжон Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги асосий транспорт ва логистика марказлари ҳисобланади. Транспорт, автомобил, темирйўл ва транзит йўналишларини қуриш ва модернизация қилиш соҳасидаги ҳамкорлик минтақавий интеграцияни такомиллаштириш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур ташрифнинг эсда қоларли жиҳатлари Мирзиёев ва рафиқасининг Қорабоғдаги Шуша ва Фузулий шаҳарларига боргани бўлди. Фузулий шаҳрида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиш маросими ўтказилди.

Мактаблар ва улардаги таълим

Ҳафта ичида президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева мактаб таълими соҳасидаги муаммоларни санаб ўтди. Шу билан бирга, уларнинг ечими изланаётгани ҳақида ҳам хабар берди.

«Таълим соҳасида қиладиган ишлар ҳам, йиллар давомида ечимини кутиб чарчаган муаммолар ҳам, оддий ичимлик сувидан тортиб, иситиш мосламалари-ю, санитар шароитлари йўқ мактаблар қанча. Афсуски, мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаяпти. Ҳозирда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор», деди у.

Мирзиёева ўтган 7 йилда муаммоларни бартараф қилиш учун кўплаб чоралар кўрилганини таъкидлаб ўтди: «5140 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўтарилди. Миллатимиз пахта қуллигидан озод этилди. Ўқитувчиларни мактабга қайтариш президентимизнинг армони ва орзуси эди. Бугун ўқитувчи дарсда».

Мирзиёеванинг таъкидлашича, энди педагогларга янги дарсликлар, янги методика керак: «Энди уларга тажриба, билим ва ўқитиш учун дастурлар, методика ва дарсликлар керак. Бу йил бошланғич синф ўқувчиларининг дарсликлари тубдан янгиланяпти. Ҳозирда 5–11-синфлар учун дарсликлар яратиш ишлари бошланди. Шу билан бирга янги методика асосида Тошкентда 300 нафар илғор педагог ўз малакасини оширди».

Саида Мирзиёева педагоглар билан бўлган учрашувда сўнгги вақтларда мактаб таълими соҳасида олиб борилаётган ислоҳот, жумладан, бошланғич синфлар учун мўлжалланган янги дарсликлар ҳақида фикр билдирди.

«Бу ўқув йилидан бошлаб, бошланғич синф дарсликлари тубдан янгиланди. 4 йил давомида яратилган бу дарсликлар Финландиядаги нуфузли ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиб, махсус сертификат олди. Бу дегани, Финландия дарсликларимизни сифатли ва талабга жавоб берувчи деб тан олди. Худо хоҳласа ушбу китоблар мазмуни, сифати, дизайни ва ранг-баранглиги билан барчага маъқул бўлади», деди у.

Мактабдан кейинги таълим масаласига ўтсак. Тугаб бораётган ҳафта ичида, 22 август куни ярим тунда (!), ниҳоят, олий ўқув юртларига кириш учун ўтказилган тест синовлари натижалари — мандат эълон қилинди. Абитуриентлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича қайси олийгоҳ талабаси бўлганини билиб олишди.

Тест синовлари якунларига бағишланган матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда янги ўқув йилида қанча абитуриент талабаликка тавсия этилгани маълум қилинди.

2023/24 ўқув йилида 193 минг 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шундан 42 минг 655 нафари давлат гранти, 150 минг 766 нафари тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.

Давлат гранти асосида ўртача балл – 119,3 баллни; тўлов-контракт асосида ўртача балл – 93,3 баллни ташкил этган.

Хурсанд қиладиган томони — давлат гранти учун ажратилган ўринларнинг 77 фоизини мактаб битирувчилари эгаллашган.

129 минг 927 нафар абитуриент кундузги таълим шаклига, 49 минг 852 нафар абитуриент сиртқи таълим шаклига, 10 минг 752 нафар абитуриент кечки таълим шаклига ва 2 минг 890 нафар абитуриент масофавий таълим шаклига тавсия этилган.

Мандат натижалари эълон қилингач, максимал 189 балл олиб ҳам айрим абитуриентларнинг контрактга ўқишга киргани кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири масъулларга максимал балл олиб, контрактга тушган абитуриентлар президент грантига қабул қилинадими, кейинги йилдан Темурбеклар мактаби битирувчилари умумий квотага дахл қилмаган ҳолда алоҳида беллашадими, деган савол билан мурожаат қилди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раҳбари Мажид Каримов кимга имтиёз берилиши, Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида квота бўлиш-бўлмаслиги Билим ва малакани баҳолаш агентлигига ҳам, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳам боғлиқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

«Биздан юқори ташкилот бўлган Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссияси бор, бу ўша комиссия ваколатига киради. Агар шу комиссия квота беришни белгиласа, биз шу асосда ишлаймиз, бўлмаса йўқ. Бизнинг ваколатга кирмайди», – деди Каримов.

Қайд этиб ўтиш керакки, бу йил 13 минг нафардан ортиқ абитуриент турли имтиёзли квоталар доирасида ўқишга қабул қилинган.

Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров абитуриентларнинг 40 фоиздан ошиғи 56,7 балл ҳам ололмаганини мусибат, деб атади:

«Яқинда ҳиндистонлик олимлар бирлашиб Ойга ўз аппаратини чиқарди. Ҳиндлар бутун дунёни лол қолдирадиган техникалар яратмоқда, улар шу масалада баслашишмоқда. Ҳозир даволаниш учун энг қулай жой Ҳиндистон.

У ерларда мана шундай илм устидан мусобақалашаётган бир вақтда биз ҳали ҳам соқолни қандай қўйиш, кийимни қандай кийишни тортишиб юрибмиз. Тортишувларни тўхтатмасак, илм-маърифат билан шуғулланмасак, халқимиз бахтли бўлиши қийин.

Ўқишга топширган мактаб битирувчиларининг баллари эълон қилинди. 40 фоиздан кўпи «икки» баҳога ҳам жавоб бермабди! Мана бу мусибат биз учун. Соқол узун-калта бўлишини муҳокама қилиш ўрнига мана шу масаланинг ташвишини қилишимиз керак», — деган муфтий.

Свет учун президентдан гап эшитган Турдимов

Ҳафта ичида Самарқанд вилоятига ташриф билан борган президент Самарқанд вилоятида электр энергиясидаги тақчиллик ўтган йилдагидан ҳам оғирроқ бўлиши мумкинлигини айтиб, вилоят ҳокими ва унинг масъул ўринбосарини танқид қилди ва зудлик билан тизимни яхшилаш бўйича жиддий чоралар кўриш лозимлигидан огоҳлантирди.

«Самарқандда сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган, лекин вилоятда деярли генерация йўқлиги сабаб йил якунида 650 миллион киловатт соат ёки ўтган йилгига нисбатан уч баравар кўп дефицит бўлиши кутилмоқда.

Ҳамма топшириқни беряпмиз, лекин қишда «свет» ўчса, самарқандликлар Турдимов демайди, Мирзиёев қаерга қараяпти, дейди. Туман ҳокими, вилоят ҳокимининг ноинсоф ўринбосари шу соҳанинг эгаси, ойлик оляпти, ноинсоф, демайди», — деди президент.

Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ҳам танбеҳдан бебаҳра қолмади.

«Сенинг Тошкентда эҳтиёжмандинг кўп. Қайтмоқчисан, лекин қайтмайсан Тошкентга, шуни бил», — деди президент Умаровга.

Энергетика

Асосан қишда барчани бирдек безовта қиладиган энергетика масалалари ёзнинг жазирамасида ҳам бўй кўрсатмоқда. Светлар ўчмоқда, метан тўлдириш шохобчаларида узундан узун навбатлар ҳосил бўлмоқда.

Энергетика вазирлиги бунга муносабат билдирар экан, барча метан «заправка»ларга август ойи учун уларнинг талабларига асосан, белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилгани, ҳеч қандай чеклов киритилмаганини таъкидлаган. Агар қайсидир метан «заправка» ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин, деган вазирлик ахборот хизмати.

Вазиятни ўнглаш учун энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Туркманистон Ўзбекистонга йилига 2 млрд куб метргача газ етказиб беришини маълум қилди.

«Бу бошланиши. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг кенг истиқболларини муҳокама қилдик. Бу узоқ муддатли шартнома ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади. Газ Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжлари учун йўналтирилади», — деган Мирзамаҳмудов.

Хўш, бу харид қилинажак газ Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларини қондирадими? Қиш келаверса кўраверамиз...

Ҳафта ичида яна қандай эътиборга молик янгиликлар бўлди?

Ўзбекистонликлар 1 сентябрдан Қирғизистонга ID-карта орқали ўтиши мумкин бўлади. Қўшнилар ўртасида эришилган янги келишувга кўра, эндиликда икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун — ID картасидан фойдаланиши мумкин.

2023 йил 25 августдан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома кучга кирди. Ушбу баённома 2023 йил 27 январ куни Бишкек шаҳрида имзоланган эди.

Автобусларда йўловчиларни тунда ташишга рухсат берилади. Ҳукумат қарорига кўра 2024 йил 1 январдан эътиборан автобусларда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари бўлганда йўловчиларни тунда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.

Ҳечдан кўра кеч деганларидек, Олий суд қатағон қурбонларининг яна бир гуруҳини оқлади. Совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид жиноят иши Олий суд томонидан кўриб чиқилди ва Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

Дайжест сўнгида, одатдагидек, футбол янгиликлари. Ҳафта ичида Ўзбекистоннинг икки клуби Осиё чемпионлар лигаси саралаш плей-оффида Қатар клубларини енгиб, гуруҳ босқичига чиқишди. 2016 йилдан буён Ўзбекистоннинг бирйўла тўрт клуби ОЧЛда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади — ўтган мавсум чемпиони «Пахтакор» ва кубок эгаси «Насаф» гуруҳга тўғридан тўғри йўл олишганди.

Гуруҳ босқичига қуръа ҳам ташланди. Таркибини жаҳон футбол юлдузлари билан тўлдираётган Саудия клубларидан иккитаси Ўзбекистон клубларига тушди. «Ал-Иттиҳод» Наманганнинг «Навбаҳор» клуби билан ўйнаса, «Ал-Ҳилол» ОКМК клуби билан беллашади. Криштиану Роналду бошчилигидаги юлдузлардан иборат «Ан-Наср» гуруҳ босқичида Ўзбекистоннинг тўрт клубидан бирортасига рақиб бўлмади. Балким плей-офф босқичларида уни кўриш насиб этиб қолар.

Мавзуга оид