Исроилнинг Эронга тажовузи – халқаро ҳуқуқнинг юзига тортилган яна бир тарсаки. Халқаро ҳуқуқнинг емирилиши эса Марказий Осиё манфаатларига мутлақо зид. Юридик нуқтайи назардан ташқари, минтақамизнинг Исроил–Эрон урушига муносабатини шакллантирувчи геосиёсий, тарихий, этник ва диний омиллар ҳам мавжуд.

Бугун дунё афкор оммаси диққат марказидаги асосий мавзу – Исроил–Эрон уруши. Бу зиддият аллақачон уруш даражасига кўтарилиб улгурди. Исроил кутилмаганда Эрон ҳудудига ҳужум қилиб, оддий одамлар билан бирга давлат мулозимлари ва ҳарбийларни ўлдирди. Жавобан, Эрон ҳам Исроилга кучли ракета ҳужумларини амалга оширди. Натижада Исроилнинг кўп мақталган “Темир гумбаз” мудофаа тизими ҳам идеал эмаслиги маълум бўлди. Эрон ракеталари бу тизимни ёриб кирди ва катта талафотлар етказди.

Хўш, Исроил–Эрон урушининг Ўзбекистон, Марказий Осиё манфаатлари нуқтайи назаридан қандай геосиёсий ва стратегик ўлчамлари бор? Минтақа давлатлари, гарчи дипломатик даражада нейтрал бўлишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, стратегик миллий манфаатлар нуқтайи назаридан маънан ким тарафда ёки ким ғолиб бўлгани маъқул?

Россия-Украина уруши. Мана уч йилдан ошдики, Россия Украинага бостириб кирди ва ҳалига қадар ҳолсизлантирувчи уруш кетмоқда. Бу урушда Эрон тўлиқ Россия тарафида, расмий Москвага дронлар етказиб бермоқда. Шу фонда савол пайдо бўлади: Эроннинг мақсади нима?

Бу ўринда иккита йирик мотив кузатилади. Дунёнинг аксарият давлатлари Россия-Украина урушини “ғарб-Россия прокси уруши” сифатида кўради. Украинани эса “ғарбнинг проксиси” сифатида баҳолайди. Бироқ, кечаги СССР ўрнида пайдо бўлган янги мустақил давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари бу урушни бошқа фокусда кўради. Яқин масофадан қараганимизда, Россия ўзининг империалистик лойиҳасини тиклаш йўлида урушмоқда. Агар Украина бу урушда енгилса – Россия тинчланмайди, аксинча, империалистик иштаҳаси ошади, Марказий Осиёга босимлар ошса ошади, тушмайди.

Хўш, Россия-Украина урушида Эроннинг Москвани қўллашдан мақсади нима? Наҳотки Эрон Марказий Осиё давлатларининг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигидан норози бўлса, уларни Москвага бўйсундиришдан манфаатдор бўлса? Йўқ, Эроннинг мотиви – Россияни қўллаб, НАТОни чекинтириш, АҚШ ва коллектив ғарбнинг ғалаба қилишига имкон бермаслик... Бироқ, Эроннинг нуқсони шундаки, Украинанинг ютқазиши – Марказий Осиё давлатлари учун ҳам салбий оқибатлар олиб келади. Бироқ, Эроннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа мустақил давлатлар мустақиллигига қарши эътирози йўқ аслида.