Ўзбекистон | 09:20 / 03.04.2021
32623
16 дақиқада ўқилади

Пулли йўллар муаммоларга ечим бўла оладими?

Яқин 5–10 йилда Ўзбекистонда ҳам пулли йўллар пайдо бўлиши кутилмоқда. Хўш, бу Ўзбекистонда йўлсозлик ва автомобиллар қатнови билан боғлиқ муаммоларни ҳал қила оладими?

Пулли йўллар қачондан пайдо бўлган?

Аслида, пулли йўллар инсоният учун янгилик эмас. Қадимда аравада, отда ёки пиёда саёҳат қилгани, йўлдан фойдалангани учун саёҳатчилардан бож ёки солиқ ундирилган. От-уловлар ўрнини автомобиллар эгаллаши ортидан бепул йўллар билан бир қаторда пулли йўл, кўприк ва туннеллар пайдо бўлди.

Тарихдагидан фарқли ўлароқ, замонавий пулли магистралларда йўл ҳақи миқдори транспорт воситасининг турига, унинг оғирлигига ёки ғилдирак ўқлари сонига қараб ўзгаради. Катта ва оғир транспорт воситалари учун тарифлар одатда автомобилларга нисбатан юқори ҳақ тўланади.

Қайд этилишича, тахминан 1706 йилдан бошлаб Aнглия ва Уэлсда шаҳар ва шаҳарлараро йўл тармоқлари ва транспорт алоқаларини яхшилаш ва ривожлантириш мақсадида пулли йўллар трестлари ташкил этилган. Ушбу органлар парламентнинг алоҳида ҳужжатлари билан тайинланган ва йўллардан фойдаланиш учун бож йиғиш ҳуқуқига эга бўлган, бу эса энг муҳим йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва сақлаш харажатларини қоплаган.

1830 йилда Aнглияда ва Уэлсда тахминан 1000та трест салкам 48 минг километрга чўзилган пулли йўлларни бошқаргани, қарийб 8 мингта пункт орқали тўловларни йиғиб олингани ёзиб қолдирилган. Трестларнинг фаолияти ҳисобига 1870-йилларга бориб давлатларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, қишлоқ хўжалиги ва савдо ривожланди.

Натижада XX асрда Европадаги бошқа давлатларда ҳам кўприклар, туннеллар ва бошқалар каби йўллар ва йўл иншоотлари қурилишини молиялаштириш учун замонавий пулли йўллар қурила бошланган. Жумладан, 1924 йилда Италия, 1927 йилда эса Греция шаҳарлараро йўллардан фойдаланувчилар учун тўлов жорий қилди. 50–60-йилларга бориб Франция, Испания ва Португалия ҳам давлат бюджетидан йўлсозликка катта маблағлар ажратмай туриб инфратузилмани ривожлантиришга, яъни соҳани хусусий компанияларга топширишга ўта бошлади.

Бугунги кунга келиб пулли автомагистраллар тизими аллақачон Европа, Осиё, Америка, Австралия ва Африка қитъаларидаги кўплаб давлатларни қамраб олган. Бугунги кунда нафақат мамлакат ичидаги шаҳарлараро йўллар, балки бир неча давлатлар ҳудудидан ўтувчи йўллар ҳам хусусийлаштирилмоқда.Чунончи, ХХР томонидан қурилаётган, Европа ва Осиё қитъаларини боғловчи «Меридиан» пулли автомобиль йўли бунга мисолдир.

Пулли йўллар нега керак?

Пулли йўллар жадаллик билан кўпайиб бораётганининг бир қанча омиллари мавжуд. Булардан биринчиси, талаб бор жойда таклиф юзага келиши, яъни бозор иқтисодиёти билан боғлиқ. Автомобиллар кундан кунга кўпайиб бораётган, одамлар кўп вақтини тирбандликларда ўтказаётган мегаполисларда қўшимча ҳақ эвазига бўлса ҳам манзилига тезроқ етиб олишни хоҳловчилар кўпчиликни ташкил этади. Талаб бор жойда эса ўз-ўзидан таклиф юзага келади.

Пулли йўллар шаҳар ичидаги тирбандликларга ечим бўла оладими?

Қолаверса, йўлсозлик жуда катта харажатларни талаб этади. Табиийки, давлатнинг бюджети учун бундай кўламдаги чиқим оғирлик қилади. Агар фақатгина бюджетга қараб қолса, йўлсозликдаги муаммоларни ҳал этиш ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин. Шунда ҳам соҳага ажратилган пуллар “туя” қилинмасдан ажратилган жойига етиб борган тақдирда... Йўлларни хусусийлаштириш йўл қурилиши соҳасидаги тизимли муаммоларнинг ечими бўлиши мумкинлиги хусусида аввалроқ тўхталгандик.

Аслида пулли йўллар мавжуд бепул йўлларга муқобил сифатида қурилмоқда. Эски йўллар бугунги кунга келиб торлик қилмоқда. Қолаверса,ушбу йўлларда светофор ва темир йўл кесишмалари кўплиги, катта қисми аҳоли пунктларидан ўтгани сабабли тезлик чеклангани учун дунё миқёсида бундай чекловлардан холи бўлган йўлларга эҳтиёж ошиб бормоқда. Эски йўлларни кенгайтириш, бунинг учун эса йўл ёқасидаги уйларни бузиб, уларнинг эвазига компенсация тўлаш жуда катта маблағни талаб этади. Бундай вазиятда эски йўлларни реконструкция қилишдан кўра янги йўл қуриш осонроқдир. Устига-устак, бу ишни хусусий пудратчига бериш орқали, юқорида таъкидланганидай, бюджетга тушадиган юкдан халос бўлиш имкони бор.

Таъкидлаш керакки, пулли йўллар қуриш учун хусусий пудратчига ер ажратиш ва фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган шартномалар пухта тузилган тақдирда йўллар муайян муддат, масалан, 15 ёки 25 йилдан сўнг давлатга ўтиши, давлат эса ўз навбатида уни бепул, яъни умумфойдаланиладиган йўлга айлантириши мумкин.

Айни пайтда Хитойда қурилаётган пулли йўллар худди шу шаклда барпо этилмоқда. Яъни қурилишга сарфланган харажат қопланиб, эгасига шартномада кўзда тутилган даромадни келтирганидан сўнг ерлар ҳукумат тасарруфига ўтказилмоқда. Шу сабабли ҳам дунё миқёсидаги пулли йўлларнинг 70 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда қачондан хусусий йўллар қурилади?

Ўзбекистонда пулли йўллар қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида илк хабарлар 2017 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда Тошкентдан Самарқанд орқали Бухорога олиб борадиган биринчи пулли автойўл лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, у мавжуд йўлга параллель алоҳида йўл бўлиши айтилганди.

2018 йили Ўзбекистондаги биринчи пулли йўл 2020 йили пайдо бўлиши, унда одатдаги йўлларда ўрнатилгандан кўра юқорироқ тезликда ҳаракатланиш мумкинлиги, йўлни қуришда махсус асфальт-бетон аралашмасидан фойдаланилиши ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди. Ўша йили Ўзбекистондаги биринчи пулли йўлларнинг қурилиши Германиянинг GP Günter Papenburg компаниясига берилиши мумкинлиги, бу президентнинг «2018-2019 йилларда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилгани билдирилганди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2018 йил баҳоридаги Ўзбекистонга ташрифи давомида Cengiz — Kolin — Kalyon консорциуми билан ҳамкорликда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари бўйича автомобиль йўли қурилишига оид инвестицион келишув имзоланган, мамлакатдаги биринчи пулли йўл турк пудратчилари томонидан қурилиши, бу йўл орқали Тошкент ва Самарқанд орасидаги масофани 2 соат ичида босиб ўтиш имкони яратилиши айтилганди.

2019 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, яқин йилларда «Тошкент–Андижон» ва «Тошкент–Самарқанд» йўналишлари бўйлаб пулли автомобиль йўллари қурилиши белгиланди. Режага кўра, «Тошкент–Самарқанд» пулли автомобиль йўли 2021 йилнинг охирида фойдаланишга топширилиши, «Тошкент–Андижон» пулли йўли қурилиши эса  2021 йилнинг август ойида бошланиши маълум қилинганди. Аммо кейинчалик бу йўлларнинг фойдаланишга топширилиши камида 5-10 йилга чўзилиши маълум бўлди.

2019 йил 9 декабрда президент қарори билан давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган, ҳужжатга мувофиқ Сирдарё ва Бахт шаҳарларини (Сирдарё вилояти) айланиб ўтиш учун пулли автойўл қуриш режалаштирилган эди.

2020 йили Ўзбекистон автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегияси эълон қилинди. Унда пулли асосда ва давлат-хусусий шериклик асосида тезюрар автомагистраллар (автобанлар), туннеллар ва автомобиллар йўлларини барпо этиш кўзда тутилганди. Бироқ президент қарори лойиҳаси тарзида эълон қилинган ушбу стратегиянинг қабул қилинган ёки қилинмагани ҳақида очиқ манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқ.

2019 йилнинг сўнгида Қамчиқ ва Тахтиқорача довонида иккита янги пулли туннель қурилиши, бу “Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилгани маълум қилинди. Қамчиқ довонида қуриладиган  лойиҳаси бўйича тендер ғолиби билан 2022 йил март ойида, Тахтиқорача туннели тендери ғолиби билан 2022 йил май ойида келишув имзолаш режалаштирилган.

Матбуотда М-39 халқаро автомобиль йўлининг Жиззахдан ўтган қисмига туташ тарзда алоҳида пулли трасса қурилиши, Тошкент ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳарларини боғловчи ҳамда Тошкентдан Чимёнга йўналиш бўйича ҳам пулли йўл барпо этилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ бу борада кейинчалик бошқа маълумот кўзга ташланмади.

2020 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик доирасида пулли магистрал йўллар босқичма-босқич жорий этилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ИИВ билан биргаликда йўл бўйида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш учун йўл участкаларини белгилаши маълум қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 340 километрли Тошкент–Андижон (лойиҳа қиймати 2 млрд доллардан зиёд), 300 километрли Тошкент–Самарқанд (лойиҳа қиймати 1,5 млрд доллардан ортиқ) магистраллари энг тез қурилганда 5, йўқса 8–10 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Иккала пулли йўллардан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналари учун тахминан 5 ва 7 доллар, юк машиналари ва автобуслар учун 15–20 долларгача этиб кўрсатилган. Таъкидланишича, ушбу нархлар якуний эмас. Бунга ушбу лойиҳалар бўйича президент қарори қабул қилингач, аниқлик киритилади.

Шунингдек, пулли йўллардан бепул ёки имтиёз асосида фойдаланувчиларнинг рўйхати шакллантирилиши ҳам кўзда тутилган. Аниқ рақамлар лойиҳа тасдиқлангач, ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишувда кўрсатилади. Халқаро тажрибага кўра, пулли йўл қурилганда, одатда, аҳоли учун бепул алтернатив йўл сақланиб қолиши маълум қилинган.

Пулли йўлларни ким қуради: хорижликлар ёки ўзимизникилар?

Сўнгги маълумотларга кўра, пулли йўллар икки босқичли тендерда ғолиб чиққан халқаро инвесторлар томонидан қурилади. Гап «Тошкент–Андижон» ва «Тошкент–Самарқанд» пулли йўллари хусусида кетмоқда. Ушбу йўлларнинг қурилиши Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги лойиҳалар бўлгани учун бу донорларнинг талаби бўлиши мумкин.

ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Лойиҳада хусусий сектор йўлларни ободонлаштиришда давлатга кўмаклашиши, замонавий йўл инфратузилмасини барпо этишда давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилиши қайд этилганди. Хусусан, инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларга янги йўл инфратузилмаси объектларини барпо этиш бўйича инвестициявий мажбуриятлар билан бирга магистрал йўллар участкалари 30 йилгача бўлган муддатга тақдим этилиши кўзда тутилганди.

2018 йилнинг декабрида қабул қилинган ҳукумат қарори билан инвесторлар ва тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида пулли магистрал йўллар қуриш бўйича йўл ва ер участкалари берилиши, бунда фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми – маҳаллий бюджетга тушади ва камида 70 фоизи хусусий шерикнинг ҳисобрақамига тушиши белгиланди.

Демак, пулли йўллар қурилиши учун ўтказиладиган тендер танловларида хорижий инвесторлар билан бир қаторда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этиши мумкин. Фақатгина улар буюртмачи томонидан қўйиладиган талабларга мос келиши ҳамда энг яхши таклиф эвазига тендерда ғолиб чиқиши керак бўлади. Пулли йўллар ташқи қарз сифатида жалб этилаётган пулларга қурилаётганини ҳисобга олсак, донорлар ушбу йўлларнинг қурилиши қоғозда бошқа, амалда бошқа бўлишига, маблағлар талон-торож қилинишига йўл қўймаслиги, йўл бетараф халқаро компаниялар экспертизасидан ўтганидан кейинггина фойдаланиш учун қабул қилинишини инобатга олсак, амалда қурилишга ажратилган пулларни “туя” қилишга одатланган маҳаллий пудратчилар учун бу таклиф у қадар жозибали бўлмаслиги мумкин.

Нега пулли йўллар қурилиши йилдан йилга кечикмоқда?

Бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев Сенат ялпи мажлисида “Тошкент-Самарқанд” йўналишидаги пулли йўл қурилиши нега чўзилиб кетганига изоҳ бераркан, бу борада музокаралар олиб борилаётгани, пудратчилар йўлдан ундириладиган тўлов миқдорини жуда катта белгилашаётгани, шу боис яна ўнга яқин лойиҳалар ўрганиб чиқилаётганини айтганди. Транспорт вазирлигининг йўл хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғи Баҳодир Қорабоев пулли йўллар қуриш Ўзбекистон учун янгилик бўлгани сабабли ушбу масала синчиклаб ўрганилаётганини таъкидлаганди.

Шу пайтгача матбуотда эълон қилинган хабарлар, расмийларнинг интервьюлари таҳлили пулли йўллар қурилиши учун хорижий инвесторлар билан ўтказилган музокаралар, бу борада бошқа давлатларнинг тажрибасида кузатилган ҳолатлар энг аввало миллий қонунчиликни такомиллаштириш заруратига бориб тақалганини кўрсатмоқда. Чунки келгусида юзага келиши эҳтимоли мавжуд низоларни ҳал қилиш учун қонунчиликда соҳага оид барча ньюанслар кўзда тутилган бўлиши талаб этилади.

Бу ишлар бошланган илк кезларда Ўзбекистонда пулли автомобиль йўлларидан фойдаланишга оид зарур қонунчилик базаси бўлмагани учун энг аввало мана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янгиларини қабул қилиш масаласи кун тартибига чиқди.

Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022-йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори билан Автомобиль йўллари давлат қўмитасига ИИВ билан биргаликда уч ой муддатда «Пулли автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш вазифаси топширилганди. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилган. Бироқ кейинчалик мазкур қонун лойиҳаси парламентга киритилмаган.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси масъули Ҳасан Умаровнинг маълум қилишича, «Пулли автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси белгиланган муддатда ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Бироқ ҳукумат томонидан мазкур ҳужжатни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Мутасаддининг таъкидлашича, дастлаб пулли йўлларни давлат томонидан қуриш режалаштирилган, бироқ уларда жорий этиладиган тўловларни маҳаллий аҳолининг чўнтаги кўтармаслиги, қолаверса, «Тошкент–Самарқанд» ва «Тошкент–Андижон» йўналишларида бепул йўллар ҳам сақланиб қолиши сабабли пулли йўлларга талаб юқори бўлмаслиги, оқибатда сарф-харажатлар қопланмаслиги сабаб ҳукумат бундай йўлларни бюджет ҳисобидан қуриш истагидан воз кечган. Натижада давлат бош молиячи бўлиши кўзда тутилган «Пулли автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинмасдан қолиб кетган.

Маълум бўлишича, айни пайтда пулли йўлларни давлат-хусусий шерикчилик асосида қуриш, бунинг эвазига хусусий шерикларга давлат томонидан қандайдир имтиёзлар беришни кўзда тутувчи лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, аммо бу борада ҳам ҳали якуний тўхтамга келинмаган. Ҳозирча давлат пулли йўллар қурилишини молиялаштирмаслиги аниқ бўлиб улгурган, қолган масалалар босқичма-босқич ҳал қилинмоқда.

Ўзбекистонда илк пулли йўл қачон қурила бошланиши ва қайси йили фойдаланишга топширилиши бу вақтга боғлиқ масала. Олдинда турган икки босқичли тендер танловлари ўтиб олгач, бу масалада аниқроқ муддат ва рақамлар маълум бўлса керак. Пудратчилар билан шартнома имзолангач, айни пайтда очиқ қолаётган қатор саволларга ҳам жавоб топилади, назаримизда.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид