Пискент тумани ҳокимига интизомий жазо қўлланилди. 13 октябр куни Тошкент вилояти ҳокими шу ҳақдаги фармойишни имзолаган.
Ҳужжатда келтирилишича, Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига риоя қилмаган. Шунингдек, у давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани қайд этилган.
Шу сабабларга асосан Музаффар Ариповга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ҳужжатга асос сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномаси, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси баёни, Музаффар Ариповнинг тушунтириш хати келтирилган.
Аввалроқ Пискент тумани ҳокими фермерларга ерини тортиб олишини айтиб, босим қилганди. Ҳоким фермерларга “ҳазиллашмасликни, ўйнашмасликни, ери нарида турсин, жонини суғуриб олишини” айтган.
Шундан сўнг Фермерлар кенгаши Музаффар Ариповнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат киритганини, Бизнес-омбудсман ҳолат назоратга олинганини маълум қилди. Пискент тумани ҳокимлиги эса расмий муносабатида фермерларнинг ўзини айбдор қилиб, “ер фермернинг хусусий мулки эмас”лигини билдирган.















