АҚШда жонли эфирдаги қатл

АҚШ армиясининг собиқ психиатри Нидал Ҳасанни отиб, қатл этиш жараёнини жонли эфирда кўрсатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Пентагон расмийси Reuters'га маълум қилди. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳам бу режани тасдиқлади.

Майор Нидал Ҳасан 2009 йилда Техас штатидаги Ford Hud ҳарбий базасида 13 нафар қуролсиз сафдошини ўлдирган, 32 кишини яралаганди.

Қатл 3 декабр куни отишма содир бўлган Форт-Ҳуд базасининг ўзида ўтказилади. Ҳегсетнинг айтишича, кун ва вақт 2009 йилдаги ҳужумга мослаб танланган. "Одамлар буни кўра олиши, жараён очиқ бўлиши керак. Чунки бундай ишлар учун жиддий оқибатлар борлигини тушунишлари лозим", деди у.

Ҳозир 56 ёшда бўлган Ҳасанга 2013 йилда ҳакамлар ҳайъати ўлим жазосини тайинлаганди. У қасддан одам ўлдириш ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш бўйича ўнлаб жиноятларда айбдор деб топилган. АҚШ ҳарбий қонунларига кўра, отиб қатл этишни президент тасдиқлаши керак. Доналд Трамп Ҳегсетнинг тавсияси билан бу қатлга розилик берган.

Ҳасан 1945 йилдан бери АҚШ армияси томонидан отиб қатл этиладиган биринчи шахс бўлади. Мутахассисларнинг қайд этишича, дунёда қонуний қатлни телевидение ёки интернет орқали жонли кўрсатган давлат маълум эмас. АҚШдаги сўнгги қонуний, оммавий қатл 1936 йилда ўтказилганди.

Краматорскда даҳшатли ҳужум

8 октябр куни Украинанинг Донецк вилоятида – фронтга яқин Краматорск шаҳрида Россия бошқариладиган авиабомба билан икки йўловчи автобусига зарба берди. Қутқарувчилар маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган. Яқин атрофдаги Биленке қишлоғида ҳам яна уч киши ўлдирилган.

Донецк вилояти раҳбари Вадим Филашкиннинг айтишича, қурбонлардан ташқари яна 18 киши яраланган. У Россияни иложи борича кўпроқ тинч аҳолини ўлдириш учун йўловчи автобусларини нишонга олишда айблади. Филашкин вилоятда қолган аҳолини Украинанинг хавфсизроқ ҳудудларига кўчишга чақирди.

Маҳаллий прокуратура эълон қилган суратларда ёниб кетган автобус қолдиқлари ва йўлда ётган қурбонлар акс этган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу зарба жавобсиз қолмаслигини айтди. "Россия Донбассдаги бутун ҳаётни йўқ қилишга уринмоқда ва дунё бунга муносабат билдириши керак. Қаттиқ муносабат билдириши керак", деб ёзди у. Зеленский, шунингдек, ҳамкорларни Украинани ҳимоя қилиш учун янги мудофаа пакетлари орқали аниқ чоралар кўришга чақирди.