Нетаняҳуга осон бўлмайди

Сўровлар Нетаняҳу партиясига кичик устунлик бермоқда. Бу эса Исроил жамияти ёппасига Нетаняҳу ва унинг уруш кампаниясини қўлламаяпти дегани. Мухолифатнинг асосий эътирози Нетаняҳу ҳукумати ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумини ўтказиб юборганида. Уларнинг фикрича, Нетаняҳу бу машум ҳужумнинг олдини олиш, дастлабки дақиқаларда тўғри ҳаракат қилиш ва айбдорларни жазолаш ўрнига ҳужумни сиёсийлаштириб, ўз манфаати йўлида фойдаланган. Улар ҲАМАС ҳужумининг олдини ололмагани учун амалдаги ҳукумат жазога тортилиши керак деб ҳисобламоқда.

Нетаняҳунинг асосий рақиби «Яшар» партияси лидери Гади Эисенкот. Бу генерал ўз вақтида Исроил армиясида штаб бошлиғи бўлган. Нетаняҳу тарғибот видеоларида асосан уни қоралашга эътибор қаратмоқда. Шундан билиш мумкин, генерал сайловда бош вазирнинг асосий рақиби бўлади.

Эисенкот аваллари ҳудудда икки миллат учун икки давлат тузилишини қўллаган, лекин ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумидан кейин бу ортиқ муҳокама мавзуси эмаслигини айтганди. Яъни, ҲАМАСнинг ҳужуми унинг Фаластин давлати тузилиши кераклиги ҳақида фикрини ўзгартирган. Генерал сайловда ютса, Ғазода ҲАМАС бошқарувига барҳам бериш, Исроилнинг халқаро обрўсини тиклашга ваъда бермоқда.

Қайси партияга овоз бериш бўйича сўровларда Нетаняҳу партияси кичик фарқ билан устун, «Ким бош вазир бўлишга муносиб?», деган сўровномада эса генерал Эисенкот сезиларли фарқ билан Нетаняҳуни ортда қолдирган. Бироқ бу сайлов натижалари шундай бўлишини англатмайди. Исроилдаги сайлов буткул бошқача, бу ерда бир партия яққол фарқ билан ютолмайди, жамият ҳаддан ташқари хилма-хил, шу учун коалиция тузмай парламентни назорат қилиш имконсиз.

Эисенкот фонида Нетаняҳу ниҳоятда радикал экани кўринади. Масалан, Эисенкот Исроилдаги арабларни эътибордан четда қолдирмаслик керак, дейди. Чунки мамлакат аҳолисининг 20 фоизини араблар ташкил қилади. Нетаняҳу ва унинг тарафдорлари эса арабларни очиқ бўлмаса ҳам, радикал, террорга мойил деб ҳисоблайди. Буни уларнинг баёнотлари, ҳаракатларидан билиш қийин эмас.

Нетаняҳу Фаластин ерларида тинмай яҳудий манзилгоҳлари қуришни ўйлаб, ўнлаб йиллар давомида бу ишни амалга ошириб келди. Эисенкот эса Фаластин ерларида яҳудийлар учун уй қурилиши вазиятни фақат ёмонлаштиради деб ҳисоблайди. Нетаняҳу нуқул уруш ҳақида гапириб, Исроилни тўлиқ милитаризациялашган, доим Эрон, Ливан, Сурия, хуллас атрофдаги ҳамма билан урушадиган армияга айлантиришни истайди. Эисенкот эса азалдан узоқ муддатли тинчлик тарафдори бўлган.

У Фаластин давлати ўз армиясига эга бўлишини истамайди, лекин миллионлаб фаластинлик ҳаётини Исроил бошқариши тарафдори ҳам эмас. Яъни, Нетаняҳу каби «Ҳамма ер бизники, бу ерларни бизга Худо ваъда қилган», демайди. «Қўшнимиз биз билан келишиб яшайдиган сиёсий бошқарувга эга бўлсин», дейди.