Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Franklin Templeton” (АҚШ) компанияси президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсонни қабул қилди.

Учрашувда йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки натижалари кўриб чиқилди.

Image

Лондон ва Тошкент биржаларида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг жойлаштирилиши мамлакатимиз тарихидаги илк халқаро IPO бўлгани таъкидланди. Бунинг ҳисобига қарийб 700 миллион доллар маблағ жалб этилди, талаб таклифга нисбатан тўрт баравардан зиёдга ошди.

Кейинги босқичда жамғарма портфелидаги компанияларни трансформация қилиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, хизматлар ишончлилиги ва сифатини яхшилаш кўзда тутилгани қайд этилди. Кейинги акцияларни жойлаштириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йирик компанияларни IPOга тайёрлаш, уларнинг бошқарув кадрларининг малакасини ошириш ҳамда компаниянинг Тошкент халқаро молия маркази фаолиятида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Wabtec” (АҚШ) компанияси директорлар кенгаши раиси ва бош ижрочи директори Рафаэль Сантанани қабул қилди.

Учрашувда мамлакатимизда темирйўл инфратузилмаси ва транзит салоҳияти ривожланаётганини ҳисобга олиб, локомотивлар паркини янгилаш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Image

АҚШ молия институтлари иштирокида локомотивларни уларнинг узоқ муддатли сервиси билан бирга етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Тоғ-кон корхоналарининг карьер техникаси учун сервис марказини ташкил этиш ҳамда дизель-генератор қурилмалари бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

“Wabtec” компанияси – локомотивлар, темирйўл техникаси, рақамли ва сервис ечимларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири. Компания Марказий Осиё мамлакатларида ҳам лойиҳаларни амалга оширмоқда.