10:42 / 12.06.2024
9174

Жиззахда прокурор, Тошкентда терговчи ва Наманганда адвокат пора олаётганда ушланди

Ўтказилган тезкор тадбирларда Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори 1000 доллар ҳамда Samsung S 24 Ultra телефони, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида терговчи ва икки суриштирувчи 7 минг доллар, Наманган шаҳрида эса адвокат 10 минг доллар билан қўлга олинган. Уларнинг барчасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.   

Фото: Видеодан кадр

ДХХ республиканинг турли ҳудудларида коррупцион ҳолатларга чек қўйди

Маълум қилинишича, Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори Жиззах шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқарога муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси билан судланганлик ҳолатини ўзининг ваколатли ҳамкасби томонидан олиб ташлашни ваъда қилган. У ушбу “хизмати” учун 1000 АҚШ доллари ҳамда Samsung S 24 Ultra телефонини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадирда Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси ҳамда икки нафар суриштирувчиси ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Улар ўзаро тил бириктириб, бўлим иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан 276-моддаси 2-қисми “а” бандига қайта малакаш эвазига 7 минг АҚШ доллари олишган.

Бошқа ҳолатда эса пойтахтда истиқомат қилувчи икки шахс 1980 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, унга нисбатан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувидаги Жиноят кодексининг 168-моддаси билан қўзғатилган жиноят ишини прокуратура органларидаги танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишган. ДХХ ходимлари томонидан Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлардан бири сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган. Ҳозирда уларнинг прокуратура тизимидаги танишларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.

Наманган шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати вилоят ИИБ бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168 ва бошқа моддалари билан қўзғатилиб, ҳозирда Наманган шаҳар судида кўрилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига ёрдам беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 8 минг АҚШ долларини олаётганда ушланган. Қайд этилишича, мазкур адвокат муқаддам Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси билан судланган шахс ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида солиқ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилгани хабар қилинганди.

Top