Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича 3 нафар судяси ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Судялар олий кенгаши матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлашича, бу истеъфолар Акмал Шукуров иши билан боғлиқ.

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати хабарига кўра, кенгаш қарори билан ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисми 2,10-бандларига асосан Муҳтарама Маҳамадалиевна Турғунова, Одилбек Илҳомжон ўғли Илҳомжонов  ҳамда Мирзиёд Мирджололитдинович Абидовнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, президентнинг 2025 йил 25 декабрдаги фармойишига мувофиқ, Муроджон Қодирович Мирзажонов ҳам ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисми 2,10-бандларига асосан судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод қилинган.

Ўз навбатида, Фарҳоджон Боқижонович Ғаниев Муроджон Мирзажонов ўрнига Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган. У шу вақтгача Андижон вилоят суди раиси лавозимида ишлаётганди.

Муроджон Абдуқоҳорович Абабакиров эса Андижон вилоят суди раиси ўринбосари ‒ жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган.

Акмал Шукуров иши

Шукуровнинг жиноий иши бешта эпизодни ўз ичига олади, энг шов-шувлиси – шу йилнинг сентябр ойида Яккасарой туманидаги The Tower меҳмонхонаси олдида бир неча киши калтакланиши билан боғлиқ.

Ўшанда у тунги клуб олдида танишини ҳимоя қилишга уринган Борис Авакянга кучли зарба бериб, комага тушириб қўйган, сўнгра воқеа жойидан қочиб кетиб, кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олинган