Шавкат Мирзиёев Каспий денгизи ҳудудида машғулотлар пайтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик тилади.

24 сентябр куни Қозоғистон ғарбидаги Манғистау областида мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари машғулотлари вақтида 17 нафар ҳарбий хизматчи кучли шамол туфайли Каспий денгизига оқиб кетган.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги ушбу фожиага ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида об-ҳаво шароити тўсатдан кескин ёмонлашиши оқибатида юз берганини маълум қилган. Бу вақтда соҳилга десант тушириш бўйича машғулот ўтказилаётганди, кучли шамол ва тўлқин ҳарбийларни денгиз ичкарисига олиб кетган.

Ҳарбийлардан уч нафари қутқариб қолинган, қидирув-қутқарув амалиёти 25 сентябр тонгига қадар давом этган, сувдан 14 нафар ҳарбий хизматчининг жасади олиб чиқилган.

Ҳалок бўлган ҳарбийлардан 12 нафари – муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар бўлган, қурбонлар орасида бир лейтенант ва бир сержант ҳам бор.

Вазирлик ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига зарур бўлган ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

25 сентябр Қозоғистонда ҳалок бўлган ҳарбийлар хотираси учун мотам куни деб эълон қилинган.