Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Марказ майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. У Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Бу каби ноёб кўрсаткичлар уни “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритиш учун ҳам асос бўлмоқда.

Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан – тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган.

Қуйи қаватда болалар учун махсус платформа, реставрация ҳамда электрон нусха олиш лабораторияси, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, замонавий кафетерий ва музей вестибюллари жойлашган.

Биринчи қаватдан қарийб 8 минг 350 квадрат метрлик кўргазма залига эга музей ва 550 ўринли анжуманлар зали ўрин олган. Иккинчи қаватда эса қўлёзма ва тошбосма манбалар, босма ва электрон адабиётлар фондига эга кутубхона, ўқув заллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар учун шароит яратилган.

Президент яратилган шароитлар, бой экспозициялар ва янги ташаббуслар билан танишди. Қуръони карим залига кириб, мазкур масканда яратилган маънавий муҳит ва ноёб экспозицияларни кўздан кечирди.

Гумбаз остида махсус мэппинг голограммаси яратилган бўлиб, унда аввал коинот тасвири намоён бўлади, осмондаги юлдузлар жилоланади. Гумбаз остидаги юлдузлар композицияси Тошкент осмонида тунда кўринадиган юлдузлар харитаси асосида шакллантирилган. Уларни ифода этиш учун 90 дона “сваровски” тоши ва 650 дан ортиқ чироқлардан фойдаланилган.