Денов туманида таниқли полвон Низомиддин Чўтбоевни пичоқлаган шахсга ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, 1997 йилда туғилган Достон Жабборов бунгача ҳам безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари билан икки бор судланган.

2026 йил 9 май куни Достон Жабборов Денов тумани Янгиариқ маҳалласида ўтказилган миллий кураш мусобақасини томоша қилишга борган. Мусобақада унинг укаси Бўстонбек Жабборов полвон Низомиддин Чўтбоевнинг ўғли Аюбхон Хуррамов билан гиламга чиққан.

Курашда Бўстонбек Жабборов мағлубиятга учраган. Бундан жаҳли чиққан Достон Жабборов мусобақа бўлаётган жойни тарк этган. Йўлда такси ҳайдовчисидан кураш майдонида отаси Асл Худойқулов ҳамда Низомиддин Чўтбоев ўзаро тортишиб қолганини эшитган. Бундан ғазабланган Достон Жабборов ортига, мусобақа бўлаётган жойга қайтган.

У ўша атрофдаги озиқ-овқат дўкони ичида турган ошхона пичоғини олиб, кураш майдонига борган. У ерда Низомиддин Чўтбоевга фарзандлари кўз олдида 4 марта пичоқ санчган.

Полвон оғир жароҳатланиб, шифохонада вафот этган.

Достон Жабборов судда айбига иқрорлик билдирган. У полвонга неча марта пичоқ урганини билмай қолганини, ҳаммаси жаҳл устида бўлганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.    

“Пичоқни неча марта санчганимни эслолмайман. Ўша вақтда ҳеч ким олдимга яқинлаша олмади, ҳамма 2 метрча нарида қўрқиб келолмай турди. Жуда жаҳл устида эдим. Сўнг пичоқни ташлаб, ўзимдан узоқлаштириш учун Низомиддин Чўтбоевни бир марта сурдим. У юзини кўтариб, боши билан чап юзимга урди. Зарбадан карахтланиб, орқага қараб тез юрдим ва ундан қочдим”, деган Достон Жабборов ўз кўрсатмасида.

Судда Аюбхон Хуррамов отаси Низомиддин Чўтбоев кўз олдида пичоқланганини, бундан қаттиқ изтиробга тушганини айтган. У судланувчига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўраган. 

ЖИБ Қумқўрғон туман судининг ҳукми билан Достон Жабборов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж, л” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Аввалроқ Деновдаги кураш мусобақаси қотиллик билан якунлангани, унда таниқли полвон пичоқлаб ўлдирилгани хабар қилинганди