Ўзбекистон | 09:31 / 17.02.2026
3075
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХХ фуқаролардан таровиҳ намозларига жамоат транспортида келишни сўради

18 февралдан бошлаб таровиҳ намозлари ўқиладиган масжидлар атрофида ҳаракат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш чоралари кучайтирилади. Шу муносабат билан ЙҲХХ фуқароларни жамоат транспортидан фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 18 февралдан бошлаб таровиҳ намози ўқиладиган масжидларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, бу тадбирлар мамлакат бўйлаб барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Шу муносабат билан ЙҲХХ масжидларга ташриф буюрадиган фуқароларга бир қатор тавсиялар берди:

  • Масжидларга жамоат транспортларидан фойдаланган ҳолда келиш;
  • Пиёдалардан фақатгина пиёдалар ўтиш жойидан юриш;
  • Велосипед ҳайдовчиларидан тунги вақтда нур қайтарувчи нимчалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш;
  • Автомашина ҳайдовчиларидан тезликни меъёридан оширмасдан, айниқса пиёдалар ўтиш жойига яқинлашганда янада эътиборли бўлиш;
  • Барчадан йўл ҳаракати қоидаларига, ЙПХ ходимларининг ишораларига сўзсиз амал қилиш.

Шунингдек, ҳайдовчилардан таровиҳга келганда машиналарни ҳаракатга халақит бермайдиган жойларга қўйиш сўралган.

ЙҲХХ фуқароларни бепарволик қилмасликка чақириб, хавфсизлик ҳар бир инсон учун муҳим эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид