Чала қолган тушлик

2024 йил 26 июн. Соат тахминан 14:00 ларда Миробод туманининг Афросиёб кўчасида жойлашган “Фистик” кафесига 3 нафар фуқаролик кийимидаги ИИБ тезкор вакили кириб келади. Улар кафеда тушлик қилиб ўтирган М.Қ. олдида тўхташади ва унга ўзлари билан бирга бориши кераклигини айтишади. Тезкор ходимлар дарҳол йигитнинг телефони ҳамда ноутбуги солинган сумкасини олиб қўйишади ва уни йўл четида турган Nexia машинасига ўтқазишади.

Нима бўлаётганини тушунмаган М.Қ. нотаниш кимсалардан хизмат гувоҳномаларини сўрайди. Бироқ улар гувоҳномани ички ишлар биносида кўрсатишини айтиб, йигитни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетишади.

М.Қ. тушлик қилиб ўтирган жойидан олиб кетган шахслар Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлими кичик тезкор ходимлари Серикбай Куланов, Мақсуд Назаров ва Ақжигит Пирментаев эди.

Серикбай Куланов кейинчалик судда М.Қ.нинг ушлаб кетилиш ҳолати бўйича шундай кўрсатма берган:

2024 йил 26 июн куни соат тахминан 13:00 ларда мен, Мақсуд Назаров ва Ақжигит Пирментаев 329-сонли хизмат хонасида ишлаб ўтирганимизда Ўткир Умрқулов ва Жалол Хайруллаев хонага кириб келди. Улар М.Қ.ни топиб, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармасига олиб келиш кераклигини айтган ҳолда яшаш манзилини беришди.

Учаламиз кўрсатилган манзил, яъни Миробод туманидаги “Ойбек” метро бекати олдига бордик. Аммо М.Қ.нинг уйини қидириб, топа олмасдан ортга қайтаётганимизда, ўша ердаги кафеда уни кўриб қолдик. Телефонига суратга олиб, Telegram орқали Ўткир Умрқуловга юбордик ва у айтган шахс шу ёки бошқа эканини сўрадик. Ўткир Умрқулов айтган шахс худди шу эканини маълум қилди. Биз М.Қ.ни ушлаб, Тошкент шаҳар ИИББ биносига, 329-хонага олиб бордик. Шунда Ўткир Умрқулов ва Жалол Хайруллаев кириб келиб, М.Қ.ни ўзлари билан 328-хонага олиб кириб кетишди. Улар нимани гаплашганини эшитмадим”.

328-хонадаги суҳбат

Ўткир Умрқулов ҳамда Жалол Хайруллаев Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор ходими лавозимида ишлаган. Иккиси ҳам 1989 йилда туғилган. 38 ёшли Анвар Пўлатов эса шу бўлимнинг катта тезкор ходими бўлган.

М.Қ. 328-хонага олиб кирилгач, Ўткир Умрқулов ва Анвар Пўлатов уни сўроққа тута бошлайди. Ўткир Умрқулов “Нима сабабдан бу ерга олиб келинганингми биласанми?” дея сўрайди. Ҳеч нарсага тушунмаётган М.Қ. билмаслигини айтади. Шунда Ўткир Умрқулов унга тарсаки туширади. Анвар Пўлатов эса унинг телефонини текшириб, паролини айтишни буюради. Бироқ М.Қ. телефон паролини айтмайди ва Ўткир Умрқулов унга навбатдаги тарсакини туширади.