Жиззахдаги АЭС лойиҳасининг умумий қиймати – 9,5 млрд доллар
|18:19 / 02.09.20267 1286 мин
Жиззахдаги интеграциялашган АЭС лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 млрд доллар, шундан маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 млрд долларни ташкил этади, дея маълум қилди президент матбуот хизмати. Қайд этилишича, ҳозир қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника ишлаяпти. Шавкат Мирзиёев лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш вазифасини қўйди. Фориш туманида алоҳида саноат зонаси ташкил этилиб, солиқ ва бож имтиёзлари берилади. Лойиҳанинг техник назорати ва мустақил экспертизаси учун етакчи хорижий компаниялар жалб қилинади.
Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати
Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда 2 сентябр куни Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди. Аввалроқ “Ўзатом” агентлиги раҳбари Азим Аҳмадхўжаев 9,5 млрд доллар – лойиҳанинг базавий максимал қиймати эканини айтганди.
Аҳмадхўжаев ва бошқа масъуллар 2 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевга интеграциялашган АЭС ва унга ёндош шаҳарча барпо этиш бўйича қилинаётган ишларни тақдимот қилди.
“Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз – Ўзбекистон энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.
Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилди. Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлади.
Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Саноат зонаси
Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
Шавкат Мирзиёев ушбу таклифни маъқуллаб, саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритишни топширди.
Бунда қурилиш сифати ва хавфсизлиги энг устувор масала бўлиши шартлиги, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ амалга оширилиши таъкидланди.
Тақдимотда айтилишича, жорий йил 22-26 июн кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилиб, Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш ҳолатига юқори баҳо берилган.
Станциянинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш доирасида 388 километр электр тармоқлари, 110 киловольтли подстанция, 21 километр ичимлик ва 120 километр техник сув қувурлари, 39,5 километр автомобиль ҳамда 11 километр темир йўл қурилади.
Президент ушбу объектлар қурилишида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60-70 фоиз даражасида таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Атомчилар шаҳарчаси
Қурилиш даврида ишчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оилаларини муносиб яшаш шароити билан таъминлаш мақсадида атомчилар шаҳарчасини барпо этиш режаси ҳам кўриб чиқилди.
Икки юз гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган 10 мингга яқин, шу жумладан, биринчи босқичда 3 мингта хонадонли турар жойлар қурилиши кўзда тутилган.
Шаҳарчада энергия самарадор кўп қаватли уйлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда кенг яшил ҳудудлар бўлади. Қурилишда замонавий иссиқлик ҳимояси, муқобил энергия ва “ақлли” ёритиш ечимларидан фойдаланилади.
Мустақил экспертиза
Лойиҳани бошқариш ва техник назоратни кучайтириш, технологик ечимларни мустақил экспертизадан ўтказиш учун етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, қарийб мингта соҳавий стандартни миллий тизимга мослаштириш ва амалиётга жорий этиш белгиланди.
Кадрлар масаласи
Станцияни келгусида бошқарадиган юқори малакали операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини ҳозирдан мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореянинг етакчи олийгоҳларида магистратура ва аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис мамлакатимизнинг тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.
“Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекциясининг вазифалари кенгайиб бораётганидан келиб чиқиб, уларнинг ташкилий ва кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаш таклифлари ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари атом станцияси ва атомчилар шаҳарчаси қурилишини юқори сифатда, хавфсиз ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш, инфратузилма ҳамда кадрлар тайёрлаш ишларини уйғун ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, умумий қуввати 2,1 гигаваттлик интеграциялашган АЭС – ҳар бири 55 MW'дан қувват берувчи иккита РИТМ-200Н ва ҳар бири 1 GW'дан иккита ВВЭР-1000 реакторларидан иборат бўлади. Бу эса Ўзбекистонни ҳам кичик, ҳам анъанавий ядро модулларини битта майдонда жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради.
Август ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда иккинчи АЭС лойиҳасини амалга ошириш бўйича “катта тайёргарлик” кетаётганини айтганди.