Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, туман прокурори Тоҳиржон Ҳусанов ва бошқа масъуллар Kun.uz'да ёритилган мурожаат бўйича Ц мавзеси (Навбаҳор маҳалласи)даги Premium Chilonzor турар-жой мажмуасида бўлиб, аҳоли вакиллари ва қурувчи билан суҳбатлашди.
Ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz'га ушбу суҳбат видеосини тақдим этди (видеони тўлиқ Kun.uz Telegram-каналида томоша қилинг). Ундан кўринишича, аҳоли вакиллари ўз уйлари қаршисидаги ноқонуний қурилишни бартараф этиш бўйича йиллар давомида қилиб келаётган мурожаатлари кор қилмаётгани ҳақида туман раҳбарларига шикоят қилган.
Ватандошлар аслида автотураргоҳ бўлиши керак бўлган, лекин офис биноси сифатида қурилган 3 қаватли бинони бузиб ташлаб, ер майдонини бошқарув-сервис компанияси ихтиёрига ўтказишни сўраб, шундан кейин аҳолининг ўзи у ерда болалар майдончаси ва автотураргоҳ ташкил қилиб олишини айтишган.
“Эътирозинглар тўғри. Нотўғри қурилиш эканини биз ҳам кўриб турибмиз. Қурилиш инспекцияси бу бино масаласида судга мурожаат қилган, демак жараён қаерда тўхтаганини аниқлаб, шуни юргизиб юборамиз. Бинонинг ноқонунийлиги аниқ, буздирилади. Буздириш учун суд қарори керак. Бу ишни прокурор назоратга олади, суд қарори чиққанидан кейин МИБга ижрога бериб, тадбиркордан бузишини талаб қиламиз”, – деган ҳоким Холхўжаев.
Туман раҳбари тадбиркордан чиқиндихонага айланиб кетган бинони тозалатишни бугуннинг ўзида бошлашни талаб қилган.

Ҳоким аҳоли вакилларини эшитиб, сўнг тадбиркорга: “Энди сиз гапиринг” дегач, тадбиркор жавоб берган: “Қайси шартномани айтишаётганини билмайман”. Контекстга қараганда, бунда у уй сотиб олган айрим харидорларнинг бепул автотураргоҳ бўлиши ҳақидаги ваъда шартномада ҳам бўлгани ҳақида иддаоларини назарда тутган, яъни шартномада автотураргоҳ масаласи кўрсатилганини рад этган.










