Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат олимпиадаларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилганини маълум қилди.

Қарорга мувофиқ, чемпионлар Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов уй ва автомобил билан тақдирланади.

Парашахматчилар Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шоюсупов, Сардорбек Мамаражабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновга ҳам уй-жой ва автомобил берилади.

«Албатта, машина ҳам керак-ку, лекин келажак келинлар учун уй ҳам керак», – дея ҳазил қилди давлат раҳбари.

Шунингдек, жамоа мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермуҳамадов ҳам автомобил билан мукофотланиши қўшимча қилинди.

Бундан ташқари, президентнинг «ватанимиз шуҳратини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, маҳорати ва жасорати учун бир гуруҳ шахматчилар, уларнинг устозлари ва соҳа вакилларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида»ги фармони бўйича Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчи 200 минг доллар, уларнинг мураббийлари 50 минг доллар миқдорида пул мукофоти олади. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллар, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилади.

«Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади», – деди давлат раҳбари.

Бу мукофотлар фақат бугунги ғалабанинг эътирофи эмас, балки олдинда турган янада баланд марраларга билдирилган катта ишонч рамзи бўлиши кераклиги таъкидланди.

Мамлакат етакчиси спортчиларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси жамоасига миннатдорлик билдирди.

«Илоҳим, ғалабаларимиз бардавом бўлсин! Доимо соғ-омон бўлинглар, азиз фарзандларим!» – деди президент учрашув якунида.