Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Давлат раҳбари шахматчиларни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади.
– Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин! – деди президент.
Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмагани таъкидланди. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди.
– Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир, – деди давлат раҳбари.
Ғалабага ўз юртимизда, халқимиз кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди; ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеекран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз ўйинларни кузатди.
Президент ўзи ҳам ҳал қилувчи партияларни катта қизиқиш билан кўрганини айтди: “Баъзи партияларда сизлар нафақат рақибларингизни, балки бизни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турдингизлар”.
Давлат раҳбари амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистон жамоаси билан учрашувга алоҳида тўхталди. Нодирбек Ёқуббоевнинг Ниҳал Саринга қарши партиясида вазият бир пайт жуда оғирлашганини эслади.

– Лекин сен охиригача мардона курашдинг. Ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларинг вазиятни бутунлай ўзгартирди ва жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келди, – деди президент.
Ҳиндистон устидан ғалабадан сўнг Ўзбекистон яккапешқадамга айланди. Кейин шахматчилар Хитой жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон рейтинги етакчиси ва олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ терма жамоасидан ҳам устун келди.
Президент Нодирбек Абдусатторов бутун мусобақани мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритганини эътироф этди. Унинг америкалик Фабиано Каруанага қарши мураккаб эндшпилдаги ғалабаси ҳам алоҳида эсга олинди: “Бунинг ўзи алоҳида катта натижа!”.





















