Педофилик мойилликни олдиндан аниқлаш мумкинми? Бундай инсонни ташқи кўриниши ёки хулқидан таниб олиш мумкинми? Болалар билан ишлайдиган одамларни қандай текшириш керак? Энг муҳими, болани хавфдан ҳимоя қилиш учун унга нимани ўргатиш лозим? Kun.uz клиник психологлар Гули Тўраева ва Элчин Толибов билан шу мавзу атрофида суҳбатлашди.
Педофиллар болалар кўп жойни танлашади
Элчин Толибовнинг таъкидлашича, педофилия халқаро касалликлар классификациясида мавжуд бўлган ҳолатлардан бири. Педофилия ҳар доим ҳам очиқ-ошкора намоён бўлмайди. Шунинг учун инсонда бундай мойиллик бор-йўқлигини ташқи хулқ-атворга қараб аниқлаш осон эмас. Америка Психиатрлар Ассоциациясининг руҳий касалликлар диагностикаси ва статистикаси қўлланмасида педофилияга хос диагностик мезонлар белгиланган. Унда шахснинг ёши, бола билан ёш фарқи ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Бундай ҳолатни баҳолашда муайян вақт давомида кузатиладиган мойиллик ва хулқ-атвор ҳам инобатга олинади.
«Аслида педофилизмга мойил бўлган шахслар биринчи навбатда ўзини ўша муҳитда кўпроқ топишга ҳаракат қилишади. Масалан болалар бор бўлган зоналар: мактаб, боғча, болалар кўп бўлган муҳитлар топишга ҳаракат қилишади ва айнан ўша ерга кўпроқ фаолият юритишга мойил бўлишади. Биринчи мезонлардан бири ҳисобланади. Ва айнан қўшимча сифатида айтишимиз мумкин педофилизмга мойил бўлган инсонлар кўпинча ўша алдамчиликка мойил, ёки бўлмасам айнан бошқа хулқ-атвор бузилишлари билан кўпинча биргаликда келади.
Ҳозирги пайтгача айнан ўша олимлар, тадқиқотлар педофилизмнинг аниқ бир сабабларини очиқлаб бериш олмаган. Турли хилдаги тахминлар бор. Айнан ҳаттоки шунақа бир назария ҳам борки ўзи ёшлигида жинсий зўравонликка учраган инсонларда педофилизмга мойиллик хавфи юқорироқ бўлиши ҳақидаги тадқиқотлар ҳам мавжуд ҳисобланади. Биринчи навбатда буни инобатга олишимиз керак. Иккинчидан бу ҳаддан ташқари ўша зўравонлик муҳитида яшаш. Бу жинсий бўлиши мумкин, жисмоний зўравонлик бўлиши мумкин. Мана шу зўравонлик муҳитида яшаш ҳам инсонни айнан болаларга нисбатан ўша педофилизмга мойилликни кучайтириши мумкин», дейди у.
«Боғча ва мактабга ишга қабул қилинаётган мутахассислар учун психодиагностика керак»
Гули Тўраеванинг фикрича, болалар билан ишлайдиган муассасаларда хавфнинг олдини олиш учун ишга қабул қилиш жараёнига чуқур клиник-психологик баҳолашни киритиш масаласи кўриб чиқилиши керак.
“Болалар бўлган боғчалар, мактабларга ишга олинаётган ҳар бир мутахассис клиник психологик диагностикадан, ташхисдан ўтказилиши керак. Бу ерда ўша инсонларнинг психологик портрети аниқлаб олинади. Бизлар ҳеч қачон «сен педофилсан» ёки «сен шахсиятингда ўзгариш бор» деб тўғридан тўғри ҳеч кимга айта олмаймиз. Лекин қабул қилинаётган ҳар бир мутахассис агар мана шунақа клиник психологик текширувлардан ўтказиладиган бўлса, улар орасидан хавф гуруҳларини ажратиб олиш мумкин. Айрим инсонлар бор: уларнинг шахсиятида бузилиш, депрессияга мойиллиги бор, қанақадир зўравонлик олган, ўзининг руҳий оғир травматик тажрибалари бўлган инсонларни хавф гуруҳига олиб, болалар билан ишлашда уларни ишга олмаслик керак бўлади».












