Brent фючерслари нархи бир баррел учун 100 доллардан пастга тушган бўлса-да, ёқилғи нархи ҳамон рекорд кўрсаткичларга яқин даражада қолмоқда. Яқин Шарқдан ҳозир асосан хом нефт олиб чиқилмоқда, чунки Эрон зарбалари оқибатидаги зарарланишлар ва янги ҳужумлар хавфи сабаб минтақадаги кўплаб нефтни қайта ишлаш заводлари ёпиқлигича қолмоқда. Шу боис дунёда нефт маҳсулотлари танқислиги ҳамон сақланиб турибди.
The Wall Street Journal газетасининг Kpler маълумотларига таяниб хабар беришича, 21 сентябрдан 27 сентябргача бўлган бир ҳафта ичида минтақадан 160 миллион баррелдан ортиқ, яъни суткасига 23,3 миллион баррел нефт экспорт қилинган. Худди шундай ҳажм феврал ойининг биринчи ярмида ҳам ташилган эди. Бироқ айни пайтда экспортнинг қарийб 55 фоизи Эрон тўсишга тобора муваффақиятсиз уринаётган Ҳўрмуз бўғози остонасидаги Ўмон кўрфазидан ҳамда Саудия Арабистони қувур орқали нефт етказиб бераётган Қизил денгиздан амалга оширилмоқда. Урушдан аввал эса нефтнинг 80 фоиздан ортиғи айнан Ҳўрмуз орқали жўнатилар эди.
Reuters агентлигининг қўшимча қилишича, сентябр ойида 14 кун давомида барча йўналишлар бўйича минтақавий экспорт урушдан олдинги даражадан юқори бўлган. Ҳолбуки, уруш бошлангунга қадар бир йил давомида бу кўрсаткич суткасига 18 миллион баррелни ташкил этган эди. Kpler таҳлилчиларига кўра, таъминот ҳажмининг яқинда бирданига ўсиши Саудия Арабистонининг бозордаги ўз улушини тиклаш мақсадида Ҳўрмуз орқали танкерларда нефт ташишни фаоллаштиргани ҳамда 10 сентябр куни Ироқ ҳудудидан Эрон қўлловидаги жангарилар томонидан берилган зарбадан сўнг қайта тикланган қувур орқали нефт ҳайдашни кўпайтиргани билан изоҳланади.
Brent фючерслари сентябр ойининг биринчи ярмидан буён деярли бутун вақт давомида бир баррел учун 100 доллардан юқори баҳоланди. Бироқ сешанба куни уларнинг нархи 98,1 долларгача пасайди. Бунга саудияликлар томонидан қўллаб-қувватланувчи Яман ҳукумат қўшинларининг Қизил денгизга кемалар кирадиган Боб ал-Мандиб бўғози қирғоқларини қайтариб олгани тўғрисидаги хабарлар туртки бўлди. Натижада Эрон ҳомийлигидаги ҳусийлар гуруҳи сентябрда эгаллаб олган ва кемалар қатновини назорат қилиш имконини берган ҳудудларнинг аксарият қисмидан чекинтирилди.
Соҳа вакилларининг WSJ нашрига билдиришича, АҚШ нефт компаниялари раҳбарлари Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемаларни Эрон ўққа тутишидан ҳимоя қилаётган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларидан нефт маҳсулотлари ортилган танкерларни кузатиб боришга кўпроқ эътибор қаратишни илтимос қилмоқда. Ҳозиргача АҚШ асосан қарийб 2 миллион баррел хом нефт ташиш қувватига эга супертанкерларга кўмаклашиб келаётган эди.

















