Ўзбекистон | 21:28 / 18.11.2025
3740
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти электр тармоқлари 30 йилга Aksa Enerji бошқарувига берилади

Туркия компанияси халқаро тендер ғолиби деб топилди ва Самарқанд вилоятининг электр энергияси тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш учун инвестиция киритган ҳолда, тармоқларни бошқариш ҳуқуқини олди. Яқин йилларда қолган барча ҳудудларда ҳам тақсимловчи электр тармоқлари хусусий операторлар бошқарувига ўтказилиши белгиланган.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Самарқанд вилоятида электр энергияси тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий шерик бошқарувига бериш лойиҳасининг халқаро тендерида Туркиянинг Aksa Enerji компанияси ғолиб деб топилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

«Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш» мавзусидаги давра суҳбати доирасида Aksa Enerji'га ғолиблик тақдимномаси топширилди.

Компания Самарқанд вилоятидаги электр тақсимлаш тармоқларини 30 йилгача муддат давомида бошқариш ҳуқуқини ва тармоқлар модернизацияси учун инвестиция киритиш мажбуриятини олади.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига кўра, мазкур тендернинг якуний босқичида “AKSA Elektrik Perakende Satış A.Ş” компаниясидан ташқаридан, яна иккита даъвогар: “Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.Ş” ҳамда "EDF Power Solutions International SAS" ва "The Kansai Electric Power Co., Inc." компаниялари консорциуми ҳам иштирок этган.

Aksa Enerji Ўзбекистонда бир қанча лойиҳаларни амалга оширган. Жумладан, 2022 йил январида иккита: Бухоро вилоятида 270 MW қувватли, Тошкент вилоятида 240 MW қувватли иссиқлик электр станцияларини ишга туширган.

Компания 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Ҳолдинг энергетикадан ташқари, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам лойиҳаларни амалга оширади. Aksa Enerji Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали ва Конго каби мамлакатларда ҳам электр станциялари лойиҳаларини амалга оширмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, Давлат-хусусий шериклик дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар имзоланиши керак.
  • 2027 йил якунига қадар, барча ҳудудлардаги табиий газ тақсимлаш тармоқларини хусусий операторларга топширишни назарда тутувчи шартномалар тузилиши ҳам кўзда тутилган.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид