Зўравонликдан жабрланган аёллар ва болалар платформаси – янги қонун нималарни ўзгартиради?
Жорий йилнинг 1 июнидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақида президент қарори қабул қилинди. Хўш, янги қарор аввал кўзда тутилмаган нималарни белгилаб бермоқда?
Энди зўравонликка учраганларнинг умумий платформаси бўлади
Ҳуқуқшунос Камола Алиева бу ҳақида маълумот берди.
“Бу зўравонликдан жабрланган аёлга тиббий хизмат олиш имкониятини беради. Улар участка нозирлари ва маҳалла хотин-қизлар фаолига мурожаат қилгандан кейин марказий шифохоналардаги тезкор бўлимларига жойлаштирилади. Бу бирламчи кўмак хоналари деб номланади. У ерда жабрланган шахслар ва уларнинг фарзандларига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилади. Олдин бундай хоналар мавжуд эмас эди, бу янгилик ҳисобланади.
Кейинги босқичда агар лозим топилса уларга ҳимоя ордери берилади ва ягона миллий платформага барча маълумотлар киритилади. Бу “Инсон” ҳимоя марказларида амалга оширилади. Зўравонликдан жабрланганлар бўйича умумий маълумот берадиган бундай платформа бизда шу пайтгача бўлмаган эди. Зўравонлар билан нозирлар ва хотин-қизлар фаоли суҳбатлашгач, уларнинг агрессив хулқини тузатиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилади. Бу зўравонлик яна такрорланмаслиги учун қилинади”.
Зўравонлар ва бунга мойил шахслар реестри
2025 йилдан эса зўравонлик содир этган, бунга мойил бўлган шахсларнинг умумий реестри юритилади, яъни бу реестрга кирган шахслар учун алоҳида назорат юритилади.
Ҳуқуқшуноснинг айтишича, Ўзбекистонда бу каби барча тизимларнинг мувофиқлаштирилган тарзда ишлаши йўлга қўйилмаган эди. Агар бу қарор кучга кирса ва унинг ижроси яхши таъминланса тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахслар етарли ёрдамни олишлари мумкин бўлади. Ёрдам кўрсатилгандан кейин жабрланувчи 6 ой давомида тегишли идораларнинг барчаси: Ички ишлар идоралари, “Инсон” маркази томонидан назорат остида бўлади. Уларнинг реабилитацияси, ижтимоийлашуви ҳам эътиборга олинади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 3 май куни ижтимоий хизматлар тизимини янада такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишар экан, зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг 3 босқичли янги тизимини жорий этиш ҳақида гапирган эди.
Мавзуга оид
15:29 / 19.12.2024
Индонезияда аёлларга нисбатан зўравонлик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
13:50 / 02.12.2024
Дунёда шундай қишлоқ бор: унга эркаклар кириши тақиқланган
17:13 / 29.11.2024
Тожикистонда болаларни хивчин билан савалаган аёл ушлангани маълум бўлди
16:16 / 29.11.2024