Ўзбекистон | 10:48 / 25.11.2025
3467
2 дақиқада ўқилади

Ҳаво тозалагичлар бождан озод этилади

Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади. Шу кунларда Ўзбекистонда маиший ҳаво тозалагичларга талаб кескин ошганди.

Фото: Ben Hasty / MediaNews Group / Reading Eagle via Getty Images

Ўзбекистонга тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан олиб кириладиган маиший ҳаво тозалаш ускуналари божхона божидан озод этилади. Бу президентнинг Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида белгиланган.

Фармонда атмосфера ҳавосининг РМ 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш учун Экология қўмитаси ҳузурида Атмосфера ҳавосини чуқур ўрганишга қаратилган махсус лаборатория ташкил қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Ушбу махсус лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик станциялар (ТИФ ТН коди 9027), ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари (ТИФ ТН коди 9027), автоматик кузатув постлари (ТИФ ТН коди 9027), чанг-газ тозалаш ускуналари (ТИФ ТН коди 8421), локал сув тозалаш иншоотлари (ТИФ ТН коди 8421) ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (ТИФ ТН код 8509 80) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.

Бундан ташқари, махсус лабораторияга ускуналар ва унга зарур бўлган жиҳозлар, жумладан, термик оптик таҳлилларни олиб бориш учун термо-оптик анализатор ускунаси ҳамда атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиб олиш учун 5000 дона кварц филтрлар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан тўғри харид қилинади.

Шу кунларда Ўзбекистонда ҳаво сифати ёмонлашиб бораётгани ортидан, маиший ҳаво тозалагичларга талаб кескин ошганди.

Божхона қўмитаси статистикасига кўра, Ўзбекистонга маиший ҳаво тозалагичлар импорти охирги 3 йилда 9 баробарга ошган. 2022 йилда бундай маҳсулотлардан 2 мингта олиб кирилган бўлса, 2025 йилнинг ўн ойида жами қиймати 1,3 млн долларлик 18,5 мингдан ошиқ ҳаво тозалагич импорт қилинган.

Маълумот учун, ҳаво тозалагичлар (ТИФ ТН коди 8509) импорти учун 20 фоиз, лекин ҳар бир донаси учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда импорт бож ўрнатилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид