Болгариянинг Қора денгиздаги эксклюзив иқтисодий зонасида иккита савдо кемасига денгиз ва ҳаво дронлари ҳужум қилди, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Румен Радев ҳодиса юзасидан асосий идоралар раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда. Украина президенти Володимир Зеленский бу ҳужум Россия дронлари томонидан амалга оширилганини билдирди.
Кемачилик соҳасидаги манбалар Reuters агентлигига маълум қилишича, бу – Болгария сувларидаги биринчи шундай ҳужум бўлди.
«Ҳужум оқибатида икки кемага зарба берилди», – деган Радев телемурожаатида. Кемалардан бирининг (унда ғалла ташилаётган эди) экипаж аъзолари қутқариб қолинган, улардан икки нафари жароҳатланган. Иккинчи кема эса чўкиб кетган (унинг юки ҳақида маълумот йўқ), экипаж аъзолари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Денгиз хавфсизлиги соҳасидаги манба Reuters агентлиги билан суҳбатда дастлабки ҳисоб-китоблар ҳужумлар Россия томонидан амалга оширилганини кўрсатаётганини айтган.
Радев ҳужум ортида ким тургани ҳақида гапирмаган, аммо Россиянинг Украинадаги урушини тилга олиб ўтган. «Агар бу уруш ўз вақтида тўхтатилмаса, у ўзининг географик чегараларини кенгайтиришда давом этади ва ҳатто глобал можаро хавфини оширади», – деган у.
Украина президенти Володимир Зеленский Болгария соҳиллари яқинида иккита савдо кемасига Россиянинг денгиз ва ҳаво дронлари ҳужум қилганини айтди.
«Украина мудофаа кучлари денгизнинг бу ҳудудида ҳеч қандай амалиёт ўтказмаган, – деган Украина президенти. – Болгария томони билан барча маълумотларга аниқлик киритдик, ҳарбий-денгиз кучларимиз Болгариядаги ҳамкасблари билан боғланди. Бу Россиянинг денгиз ва ҳаво дронлари орқали уюштирган қўшма ҳужуми экани аниқланди».
Зеленский кемаларга зарба бериш орқали «Россия Қора денгизнинг ғарбий қисмини қатнов учун мутлақо яроқсиз ҳолатга келтиришга бўлган уринишларини давом эттираётгани»ни таъкидлаган.
Украина президенти Володимир Зеленский Россияни маккажўхори олиб кетаётган фуқаролик кемасига зарба беришда айблаганидан бир кун ўтиб ҳам Москва томонидан изоҳ берилмади.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен бундай ҳужумларга «тоқат қилиб бўлмаслиги»ни айтди.
Радевнинг сўзларига кўра, кемаларга ҳужум Болгариянинг Бяла шаҳридан тахминан 110 км шарқда тунги соат учларда рўй берган. Битта кема чўкиб кетди, иккинчиси эса шикастланди, дейди ҳукумат раҳбари.
















