Жамият | 17:49 / 08.01.2026
9579
4 дақиқада ўқилади

Сирдарёда тадбиркорлар мулки суд қарорисиз бузилмоқда. Шикоятчилар билан ИИБ “шуғулланяпти”

Гулистон шаҳри Навоий шоҳкўчасида жойлашган енгил типдаги савдо дўконлари 8 январ куни мажбурий тартибда бузила бошланди. Мурожаатчиларга кўра, бузиш ишлари суд қарорисиз, компенсациясиз, тезкорлик билан амалга оширилган. Арзчилар ИИБга олиб кетилаётгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Бу ҳудуд 2007 йилда Гулистон шаҳар ҳокимлигининг қарори билан енгил типдаги савдо дўконлари қуриш учун ажратилган. Шу ерда 30 дан ортиқ тадбиркор қарийб 18 йил давомида расман фаолият юритиб келган. Уларнинг айтишича, шу йиллар мобайнида солиқлар тўлаб келинган, фаолиятга ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.

Тадбиркорлар сўзларига кўра, шаҳар ҳокимлиги вакиллари дўкон эгаларидан қисқа вақт ичида савдо объектларини ўзлари бузиб ташлашни талаб қилган. Акс ҳолда, оғир техника ёрдамида бузиб ташланиши айтилган. Айрим мулкдорлар суд қарори тақдим этилишини сўраб, бузишга қарши чиққан.

Мурожаатчиларнинг билдиришича, бузишга эътироз билдирган айрим тадбиркорлар ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Улар бу ҳолатни босим ва қўрқитиш сифатида баҳоламоқда. Тадбиркорлар қишнинг совуғида шошма-шошарлик билан бузиш талаб қилинишига эътироз билдириб, озроқ муддат сўраётганини, ҳозирча қаерга кўчиш масаласи ҳам очиқ қолаётганини айтмоқда.

“Қишнинг кунида тезлик билан бузишни талаб қилишяпти. Бу пайтда ҳатто қушнинг ини ҳам бузилмайди, дейишади катталар. Қанча одам ишсиз, даромадсиз қоляпти, буни ҳеч ким ҳисобга олмаяпти”, дейди мурожаатчилардан бири.

Kun.uz'га дўкондорлардан бири Ирода Тошматованинг яқинлари ҳам мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, Ирода Тошматова дўкони бузилишига қарши чиққанидан сўнг ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган. Яқинларининг сўзларига кўра, ички ишлар ходимлари уларга Тошматованинг руҳий ҳолатида муаммо борлиги, уни шифохонага жўнатиш режалаштирилаётганини айтишган. Аёлнинг яқинлари ҳозирда уни қаерга олиб кетилганини аниқ билмаслигини айтмоқда.

Гулистон шаҳар ҳокимлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, бу ерда жами 34 та дўкон бўлиб, улар автомобил ҳаракат йўли устида жойлашган. Ҳокимликка кўра, мазкур кўча аввалдан йўл бўлган ва уни қайта очиш режалаштирилган. Бу ишлар шаҳардаги тирбандликларни камайтириш мақсадида олиб борилаётгани айтиляпти.

Ҳокимлик, шунингдек, тадбиркорлар 2025 йил ёзидан буён огоҳлантирилганини, бузиш ишлари бирданига бошлаб юборилмаганини билдирди. Тадбиркорларга Гулистон деҳқон бозори ёнидаги буюм бозори ҳудудидан жой таклиф қилинган. Ҳокимлик маълумотига кўра, кўчишга рози бўлган тадбиркорларнинг дўконлари бузилган, уларга янги дўконларда 2 ой, савдо расталарида 3 ой тўловсиз савдо қилиш имконияти берилган.

Шу билан бирга, ҳолат атрофида қатор саволлар очиқ қолмоқда. Нега 18 йил давомида тадбиркорлар фаолиятига рухсат берилган ва солиқлар қабул қилинган? Нега мулкдорларнинг ҳаммаси билан ҳам келишувга эришилмасдан, суд қарорисиз мажбурий бузиш ишлари бошланган?

Амалдаги қонунчиликка кўра, мулкни давлат эҳтиёжи учун олиб қўйиш мулкдорнинг розилиги ёки суд қарори асосида амалга оширилиши лозим. Гулистон шаҳридаги ҳолатда жабрланувчи тадбиркорлар дўконига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатларига эга.

Kun.uz'га тақдим этилган сурат ва видеолавҳаларда Навоий шоҳкўчасидаги қатор дўконлар аллақачон бузиб ташланганини кўриш мумкин. Бу эса суд қарорисиз амалга оширилган бузиш ишлари қонунга қанчалик мослиги, тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган куч ва маъмурий чоралар қанчалик асосли эканини ўринли саволга айлантиради.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид