Ўзбекистон | 09:00 / 21.03.2026
6803
14 дақиқада ўқилади

Диний мажмуалар очилиши ва 100 йилга етадиган маъданлар — ҳафта дайжести

Байрам арафасида тантанали очилишлар: Тошкент ва Самарқандда диний мажмуалар, Олмалиқда эса $2,7 миллиардлик фабрика иш бошлади. Нотариусдаги нақд олди-бердилар банкка кўчади: уй ва автомобил сотувларининг янги тартиби белгиланди. Тадбиркорнинг бўйнига пешлавҳа “солиғи”: Тошкентда “қонуний, лекин адолатсиз” бузишлар яна авж олди.

Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Байрам олдидан очилишлар

Ҳайит ва Наврўз байрамлари арафасида бир нечта йирик объектлар фойдаланишга топширилди. Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқандда қайта бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси шулар жумласидан. Президент ташрифларидан кейин, ҳар иккала мажмуа ҳам кенг жамоатчилик учун ўз эшикларини очди.

8 йил давомида қурилган маҳобатли Ислом цивилизацияси маркази – Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида, 10 гектар майдонни эгаллаган. Тўртта дарвозадан асосийси – Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти – “Яратган Роббинг номи билан ўқи” каломи битилган. 65 метрлик гумбаз остида эса Усмон Мусҳафи ва турли сулолалар даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмаларини ўзида жамловчи Қуръони карим зали жойлашган.

Марказнинг уч қаватли биносидан экспозиция заллари, замонавий технологияларга эга музей ва кутубхона, анжуманлар зали, қўлёзмаларни реставрация қилиш ва электрон нусха олиш лабораторияси, нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, ўқув заллари, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасаларнинг офислари ҳам ўрин олган.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ислом цивилизацияси маркази ҳар бир инсонга, айниқса ёшларга халқимиз қанчалик буюк тарихга эга эканини англашига ёрдам беради. Давлат раҳбари бу бутун мусулмон умматига хизмат қиладиган маскан бўлишига тилак билдирди: “Мана шундай кошоналар – ўзбек халқимизга, буюк мусулмон уммамизга жуда катта хизмат кўрсатади, деган умиддаман”.

Очилиш ва ифторлик маросимида таниқли тадбиркор Алишер Усмонов ҳам иштирок этди. Ушбу марказни бунёд этиш бўйича 2017 йилда қабул қилинган президент қарорида ёзилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. 2019 йилда бизнесмен Ислом цивилизацияси марказига 8 млн долларлик нодир китоблар жамланмасини совға қилгани, 2021 йилда Усмонов ажратган маблағлар қарийб 77 млн долларга етгани, лойиҳа қиймати эса дастлабки 4 йилда 4 баробарга ошиб, 161,5 млн долларга етгани хабар қилинган.

Мажмуага кириш пулли: Ўзбекистон фуқаролари учун гуруҳ таркибидаги 2 соатлик тур нархи болаларга 25 минг, катталарга 60 минг сўм. Индивидуал ташриф учун тариф – 120 минг сўм. Чиптани кириш жойидаги кассадан ёки iTicket.uz сайтидан сотиб олиш мумкин.

Имом Бухорий мажмуасига келсак, реконструкциядан кейин зиёратгоҳ майдони 44 гектаргача кенгайган. Улкан мақбара ҳам қайта қурилган; 10 минг кишилик масжид барпо этилган (жума куни унда илк ҳайит намози ўқилди). Зиёратгоҳнинг тўрт бурчагида эса 75 метрлик миноралар қад ростлади. Мажмуадан Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказининг маъмурий биноси ва буюк муҳаддисга бағишланган музей ҳам жой олган. Атрофда эса учта меҳмонхона ва 20 дан ортиқ оилавий меҳмон уйларидан иборат туристик инфратузилмани кўриш мумкин.

Хивага тезюрар поезд боради

Тошкент–Хива–Тошкент йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” поезди қатнови 1 майдан бошланади. Бу ҳақда президентнинг Самарқандга ташрифи доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди. Давлат раҳбари сешанба куни жамоатчилик вакиллари билан бирга Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига янги поездда борди.

Бу – Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан сотиб олинаётган 6 та поезддан биринчиси. Қолган бешта таркиб йил охиригача олиб келиниши кутиляпти. Улар соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади. 7 та вагондан иборат таркиб VIP, бизнес ва эконом тоифаларида жами 390 нафарга яқин йўловчи ташийди. Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга, чанг-қум бўронларига чидамли ва узоқ масофаларга мўлжалланган, дейилади расмий хабарда.

Шавкат Мирзиёев Самарқандга янги келтирилган электробуслар билан ҳам танишди: ҳозирча Хитойдан 49 млн долларлик 100 та электробус олиб келинган бўлиб, кейинги босқичда яна 250 та электробусга буюртма бериш режа қилинган. Бунинг учун Европа Тикланиш ва тараққиёт банки 120 млн доллар ажратиши кутиляпти. Ташриф давомида, шунингдек, вилоятда 2,4 млрд долларлик 53 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиб, яна 4,6 млрд долларлик 53 та лойиҳа бўйича қурилиш ишларига старт берилди.

Олмалиқда 3-мисни бойитиш фабрикаси ишлай бошлади

Қўшалоқ байрамлар арафасида ишга туширилган лойиҳалар орасида энг йириги – Олмалиқдаги 3-мис бойитиш фабрикаси. Лойиҳанинг шу ҳафта маълум қилинган умумий қиймати – 2,7 млрд доллар. Айнан душанба куни ишга туширилган биринчи линия қанчага тушгани эса ҳозирча маълум эмас.

Фабрика тўлиқ ишга тушганидан кейин йилига 60 миллион тоннагача маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентратини ишлаб чиқаради. Натижада комбинатдаги мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2400 тоннадан 5000 тоннага етиши керак.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан ортиқ олтин захираси бор. Президент захираларнинг нақадар мўл-кўл эканига урғу бериб, бундай кўламдаги кафолатланган хомашё базаси маҳаллий саноат учун камида 100 йилга етишини таъкидлади.

Очилиш маросимида қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилгани эълон қилинди. Бундан ташқари, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича ҳам лойиҳаолди ишлари кетяпти. Расмийларга кўра, бу янги лойиҳалар ишга тушганида, Олмалиқ комбинати мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги учта энг йирик комплексдан бирига айланади.

Айни пайтда, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатлари қачон ишга тушиши ҳақида маълумот йўқ. Эслатиб ўтамиз, фабрика қурилиши 2021 йил июл ойида бошланган эди. Ўшанда лойиҳа қиймати 2 млрд долларга баҳоланиб, биринчи линияни ишга тушириш 2023 йил август ойига режа қилинганди. Маълумот учун, режадан 2,5 йилга кечиккан, нархи эса ҳозирча 35 фоизга ошган лойиҳа пудратчилари сифатида Enter Engineering ва Россиянинг “Уралмашзавод” компаниялари танланган.

Нотариусдан олдин – банкка...

Уй ва автомобил олди-сотдисида банклар оладиган комиссия миқдори маълум бўлди. Хабарингиз бўлса керак, 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк объектлари ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган транспорт воситалари олди-сотдиси мажбурий равишда банк орқали ўта бошлайди. Бунда, харидор битимда кўрсатилган суммани банкдаги эскроу ҳисобварағига қўйиши керак. Банклар битим нотариусда тасдиқланганидан кейин маблағни сотувчининг ҳисобрақамига ўтказиб беради.

Чоршанба куни Марказий банк эскроу ҳисобрақамлари билан боғлиқ битимларга хизмат кўрсатишда давлат банклари ундириши мумкин бўлган комиссияларнинг максимал чегарасини эълон қилди. Унга кўра, кўчмас мулк олди-сотдисидаги комиссия БҲМнинг 50 фоизи, яъни 206 минг сўмдан ошмайди. Автомобиллар бўйича эса комиссия БҲМнинг 25 фоизи, яъни 103 минг сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Бу чеклов хусусий ёки чет эл банкларига тааллуқли эмас, улар комиссия миқдорини мустақил белгилаши мумкин.

Бу янги тартиб қандай ишлаши бўйича тегишли низом ўтган ҳафта давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдисини расмийлаштириш жараёни қуйидагича кечади. Энг аввало, харидор, яъни уй ёки машина олаётган одам банкка борган ҳолда ёки банкнинг иловаси орқали ариза бериб, банк билан эскроу ҳисобварағи бўйича шартнома тузади. Келишилган пул эскроу ҳисобварағига киритилганидан кейин, сотувчи ва харидор нотариусга боради. Нотариус эскроу-ҳисобда маблағ бор-йўқлигини электрон тизим орқали текширади ва шартномани тасдиқлаб, бу ҳақда тизим орқали банкка хабар юборади. Банк нотариусдан хабар олган куни эскроу-ҳисобдаги пулни сотувчининг сўровига кўра ё унинг ҳисобрақамига ўтказиб беради, ёки нақд шаклда қўлига беради.

Марказий банк изоҳига кўра, агар харидор ва сотувчига битта банкда хизмат кўрсатиладиган бўлса, комиссия фақат бир марта олинади. Агар харидор ва сотувчининг банклари бошқа-бошқа бўлса, ҳар бир банк белгилаб қўйилган максимал комиссиянинг узоғи 50 фоизини олиши мумкин. Агар битим амалга ошмаса ёки бекор қилинса, эскроу-ҳисобдаги маблағ харидорга қайтарилади.

Солиқ қарзини светга боғлаш синаб кўрилади

Аҳолидан солиқ қарзини ундириш бўйича Наманган вилоятида ўтказиладиган эксперимент 16 апрелдан бошланадиган бўлди. Шу санадан эътиборан, мол-мулк ва ер солиғидан умумий қарзи 1 млн сўмдан ошган наманганликлар электр энергиясига тўлов қилолмай қолади. Бу тартиб ҳозирча фақат шу вилоятда, тажриба-синов тариқасида жорий этиляпти. Синов натижаларига асосан, ундирувнинг бундай чорасини бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш ёки қўлламаслик ҳақида 1 октябргача тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.

Ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил гап-сўзлардан кейин, Солиқ қўмитаси бу эксперимент эҳтиёжманд аҳолига нисбатан татбиқ этилмаслигини айтиб чиқди. Яъни Намангандаги боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахслар, ногиронлар ва қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар – солиқдан қарзи 1 млн сўмдан ошиб кетган тақдирда ҳам, электр энергияси учун чекловсиз пул тўлай олади.

Солиқ қўмитаси ўз баёнотида “абонент ҳисобида пул бўлса ҳам свет ўчаверади” деган талқинларни рад этди. Қўмитага кўра, солиқ қарзи 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар аввалига бир неча марта огоҳлантирилади, шундан кейин ҳам қарзини тўламаса, электр энергияси учун тўлов қилишига чеклов киритилади. Чекловни ечиш учун эса, 1 млн сўмдан ортиқ қарздорликни тўлашга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, “қарзинг бўлса, светсиз қоласан” деган қоида илк марта ўтган йили, чиқиндидан қарздорликка нисбатан йўлга қўйилган эди. Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан эътиборан, “квартплата”ни ҳар ойнинг 15-санасигача тўламаган мулкдорлар ҳам электр энергиясига тўлов қилолмай қолади.

Қайд этиш лозим, чиқинди қарздорлигини электр тўловига боғлаш қонун орқали йўлга қўйилган эди. Солиқ ва “квартплата” масаласи эса ҳали қонунларга киритилмаган. Киритилган тақдирда ҳам, танқидчилар бундай амалиётга нисбатан аввало инсон ҳуқуқлари, қолаверса шартномавий муносабатлар нуқтайи назаридан кўплаб саволлар борлигини айтиб келади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор бошқаруви январ ойидаги йиғилишдан кейин “кейинги мажлисда ставкани пасайтиришимиз мумкин” деган сигнални жўнатган эди, лекин кейин вазият ўзгариб кетди: Яқин Шарқдаги уруш фонида базавий инфляция ошган. Марказий банк энди воқеалар ривожига қараб ставка кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда, инфляцион хатарлар ошганига қарамай, сўм курсига нисбатан сезиларли босим йўқлиги айтиляпти. Чунки асосий савдо ҳамкорларимизнинг валюталари бўйича кутилмалар ижобий, олтин нархи юқори, экспорт ва пул ўтказмаларидан тушумлар эса барқарор ўсиб бориши прогноз қилиняпти.

Хориждан пул ўтказмалари билан боғлиқ ижобий тенденциялар давом этяпти. Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг кириб келиши 28 фоизга ошиб, 19 млрд долларга етган. Сўнгги 3 йилда трансфертлар Қозоғистондан 25 фоизга, АҚШдан 50 фоизга, Жанубий Кореядан 2,1 баробарга, Туркиядан эса 2,5 баробарга ошган. Ўтган йили Европа Иттифоқи мамлакатларидан Ўзбекистонга 2020 йилдагига қараганда 4 баробарга кўп – 563 млн доллар маблағ жўнатилган. 2025 йилда Корея Республикасидаги ўзбекистонлик резидентлар сони салкам 100 минг кишига етгани ҳам эътиборга молик.

Тошкент шаҳрида дўкон пешлавҳаларига қаратилган рейдларнинг янги тўлқини кузатилди. Расмийлар аксарият пешлавҳаларни ноқонуний деб эълон қилиб, уларни олдириб ташламоқда. Аввалги йилларда қабул қилинган ҳукумат қарорларига кўра, дўкон номи ёки шунчаки “дорихона” деб ёзилган пешлавҳалар ҳам 1 квадрат метрдан катта бўлса, ташқи реклама ҳисобланади. Ташқи рекламани ўрнатиш учун эса тегишли тартибда рухсат олиб, кейин ҳар ой мажбурий йиғимни тўлаб бориш керак. Бизнес-омбудсман бу тартиб адолатсиз эканини эътироф этганига қарамай, бу адолатсизликни тўхтата олмаяпти. Куни кеча депутат Бобур Бекмуродов ҳам тадбиркорлар ҳимоясига чиқиб, масъулларни инсофга чақирди. “Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг “белини синдириш” эвазига бўлмаслиги керак”, деди у.

Интернетда сўкинганлар жавобгарликка тортилади. Қонунчилик палатасидан ўтган қонунга асосан, интернетда уятли сўзлар билан сўкинганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиляпти. Шунингдек, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш, жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузиш, ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи материал тарқатиш каби ҳаракатлар учун ҳам алоҳида маъмурий жавобгарлик бўлади. Бундан ташқари, ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни интернетда тарқатган шахсларга ҳам чора кўрилиши кутилмоқда. Айнан қанақа санкциялар ҳақида гап кетаётгани ҳозирча маълум эмас. Депутатлар қонунни 17 март куни қабул қилиб, маъқуллаш учун Сенатга юборди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид