Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказиш вазифаси қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф доирасида тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага, мисни 500 минг тоннага етказиш бўйича белгиланган марраларга эришиш учун барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, мазкур лойиҳанинг технологик давоми ҳисобланган янги мис эритиш заводини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унда техник-иқтисодий асосни якунлаш, хорижий экспертларни жалб қилиш, қисқа муддатларда қурилиш ишларини бошлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Олмалиқ комбинатининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун нуфузли халқаро компанияларни жалб этиш вазифаси алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда сув таъминоти, темир йўл, энергетика инфратузилмаси, экологик талаблар ва юқори самарали технологияларни комплекс қамраб олиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда жорий йил учун тармоқда 90 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 172,5 минг тонна мис, 120 тонна олтин, 210,5 тонна кумуш ва 8 минг тонна уран ишлаб чиқариш вазифалари белгилангани қайд этилди.

Энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда кўмир қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Аҳоли ва саноат корхоналарига кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти доирасида “Мурунтов” конини кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи, янги конларни ўзлаштириш, мураккаб рудалардан олтин ажратиб олиш технологияларини жорий этиш, шунингдек, айрим йирик лойиҳалар бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Металлургия йўналишида “Ўзметкомбинат”да ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички хомашё базасидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш, бозор талабига мос металл листлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада хомашё таъминоти, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини кучайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш, янги кон ва инвестиция блокларини инвесторларга таклиф қилиш, углеводородга истиқболли майдонларни иқтисодиётга жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда жорий йилда олтин, кумуш, мис, уран ва рух захираларини сезиларли ошириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида 38 мингта янги иш ўрни яратилиши, жумладан, 7,5 минг муҳандис ва 14 минг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлиши қайд этилди. Шу муносабат билан соҳадаги олий таълим муассасалари ва техникумлар фаолиятини янги талаблар асосида ташкил этиш, таълим дастурларини замонавий технологияларга мослаштириш, дуал таълимни кенг жорий этиш, диплом ишларини бевосита ишлаб чиқариш вазифалари билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Янги лойиҳалар доирасидаги долзарб илмий мавзулар рўйхатини очиқ эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш топширилди. Бу тадқиқотларда соҳадаги 5 та олийгоҳ билан бир қаторда техника йўналишидаги барча давлат, хусусий олийгоҳ ва илмий ташкилотлар иштирок этиши мумкин бўлади.
Йиғилиш якунида тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефт-газ каби базавий тармоқларда йирик лойиҳалар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида Президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилиши маълум қилинди. Ушбу кенгаш доирасида йирик корхоналарни халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллий контентни ошириш, барча жараёнларни рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ойлик иш режалари тасдиқланади.
Мутасадди раҳбарларга ушбу режалар ижросини ҳар ой жойларга чиққан ҳолда корхонабай танқидий муҳокама қилиш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот киритиб бориш топширилди.
Мавзуга оид
22:05 / 04.04.2026
Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади
21:18 / 02.04.2026
Истиқлолнинг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида нишонланади
18:31 / 02.04.2026
Когонда электр ва гибрид автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилди
19:05 / 01.04.2026