Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган. 

Давлат раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди. 

Мажмуа давлат раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқейи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. 

Хусусан, мажмуа қошида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилди. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Натижада Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.