Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

«Барчангизни бугунги қувончли воқеа – Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланаётгани билан чин қалбимдан табриклайман. Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида эзгу ниятлар билан мана шундай улкан лойиҳани амалга оширишга киришмоқдамиз. Бу муҳим воқеа нафақат ушбу комбинат ҳаётида, балки мамлакатимиз саноати тарихида янги давр бошланаётганидан яққол далолат беради», деди президент Шавкат Мирзиёев.
Кейинги йилларда комбинат фаолияти юксак даражага кўтарилиб, мис ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга кўпайгани ва 150 минг тоннага етказилгани таъкидланди.

Ўтган уч йил мобайнида комбинат конларида умумий узунлиги 206 минг метр бўлган 475 та қудуқ бурғиланган. Халқаро миқёсда тан олинган хорижий лабораторияларда ушбу конлар рудасининг 100 мингдан ортиқ намуналари кимёвий таҳлиллар асосида чуқур ўрганилган. Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, бу ерда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида ҳам энг йирик ва ноёб кўрсаткичлардир.
Шунингдек, бу ерда қазиб олинаётган руда таркибида кумуш, молибден, селен, теллур, рений ва бошқа нодир металлар борлиги ҳам аниқланган.
Бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор кун сайин ортиб бормоқда, электр техникаси саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши кутилмоқда. Бу Олмалиқ комбинати маҳсулотларига халқаро талаб узоқ йиллар давомида юқори бўлади, деганидир.
Шу боис мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
“Ёшлик-1” кони негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси шу борадаги улкан қадамлардан биридир. Қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу корхона биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради.
Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.














