Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент ҳузурида ҳаво ифлосланиши ва дарахтлар кесилиши муаммолари муҳокама қилинди
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбарига ўз таклифларини тақдимот қилди. Экология органларининг ваколатларини кенгайтириш ва қоидабузарликларга қарши тезкор чора кўриш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш кабилар таклиф этилмоқда. Айнан қанақа чоралар ҳақида гап кетаётгани ҳозирча маълум эмас.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябр куни экология соҳасидаги таклифлар тақдимоти билан танишди.
Расмий релизда айтилишича, Ўзбекистонда экология соҳасида тизимли тарқоқлик мавжуд: масъулият ва ваколатлар турли идоралар ўртасида бўлиниб кетган. Натижада соҳадаги ишлар самараси ҳар доим ҳам кутилган даражада бўлмаяпти.
Шу муносабат билан йиғилишда соҳада бошқарувни такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.
Атроф-муҳит сифатини, шаҳарларда атмосфера ҳавосини яхшилаш, яшил ҳудудларни ривожлантириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва табиий меросни муҳофаза қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштиришни марказлашган ҳолда олиб бориш таклиф этилди.
Экологик назоратни алоҳида ёндашувлар асосида йўлга қўйиш ва масъул идораларнинг ваколатларини кенгайтириш режалари ҳақида маълумот берилди. Бунда:
- соҳадаги қоидабузарликларга қарши тезкор чора кўриш;
- дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш;
- ҳаво ифлосланишининг олдини олиш,
- жамоатчилик иштирокини кенгайтириш;
- саноатда экологик тартибга солишни такомиллаштириш,
- аҳоли пунктларида яшил ҳудудларнинг сақланишини таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.
Расмий хабарда айнан қанақа чоралар экани ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, уларни бошқарувда сифат ва самарадорликни янги босқичга олиб чиқиш, назорат ва масъулиятни кучайтириш нуқтайи назаридан янада такомиллаштириш юзасидан топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирида Экология вазирлиги Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш чоралари бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритганини маълум қилганди. Шу билан бир вақтда Яккасарой тумани Бобур кўчасида 174 та дарахт ноқонуний кесиб ташланди: экология вазининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, бу ҳолатга шаҳар ҳокимлиги бош-қош бўлган, экология органининг эса қўли калталик қилган.
Маълумот учун, 2026 йилдан бошлаб 40 дан ортиқ туманда тажриба-синов тариқасида маҳаллий ҳокимиятлар тузилмасига ўтказилади. Яъни тумандаги экология раҳбарини лавозимга тайинлаш ва ишдан олиш ҳам, рағбатлантириш ёки жазолаш ҳам ҳокимлар ваколатида бўлади.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
10:06 / 04.12.2025
Тошкентда ҳаво ифлосланиши: 4 декабр куни ҳам РМ2,5 меъёрдан ошди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025