АҚШ ўз собиқ ҳарбийсини жонли эфирда отмоқчи. У ким ва қандай жиноят қилганди?
|19:16 / 09.10.202612 6589 мин
Бир пайтлар аскарларни даволаган армия психиатри Нидал Ҳасан 2009 йилда уларга қарата ўқ узиб, 13 кишини ўлдирганди. Орадан 17 йил ўтиб, Пентагон Ҳасанни ўша базада ва ўша соатда отиб ўлдиришни, буни эса бутун дунёга кўрсатишни режалаштирмоқда.
Нидал Ҳасаннинг суд жараёнларидаги портрети ва хизматдаги расми. Фото: Reuters / US Army / Kun.uz фотоколлажиНидал Ҳасаннинг суд жараёнларидаги портрети ва хизматдаги расми. Фото: Reuters / US Army / Kun.uz фотоколлажи
АҚШ ҳарбийлари 65 йилдан ортиқ танаффусдан сўнг биринчи марта қатл ижро этишга тайёрланмоқда. Бу сафар жараённи исталган одам жонли эфирда кузатиши мумкин. 5 октябрь куни Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл муҳим хабарни эълон қилди: АҚШ президенти Доналд Трамп мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг тавсиясига биноан собиқ армия психиатри Нидал Ҳасанни аскарлар гуруҳи томонидан отиб ўлдиришни маъқуллаган.
Трамп ҳукмни 2 октябрь куни тасдиқлаган. Агар режа амалга ошса, бу 1945 йилдан бери ҳарбийлар отиб ўлдириш йўли билан ижро этган биринчи ўлим жазоси ҳам бўлади. 8 октябрда эса Пентагон яна бир кутилмаган қарорни маълум қилди. “Қатл жонли эфирда кўрсатилади. Тафсилотлар кейинроқ берилади”, деди номи ошкор этилмаган амалдор Reuters’га берган изоҳида.
Форт-Ҳуддаги 10 дақиқа
Нидал Малик Ҳасан 1970 йилда Виржиния штатининг Арлингтон шаҳрида фаластинлик муҳожирлар оиласида туғилган. Ҳарбий тиббиёт университетини тамомлагач, Вашингтондаги Уолтер Рид ҳарбий госпиталида психиатрия бўйича ихтисослашган. 2009 йил майида майор унвонини олган Ҳасан июлда Техасдаги Форт-Ҳуд базасига ўтказилди. Ҳужумдан бир неча ҳафта ўтиб у Афғонистонга жўнатилиши керак эди.
Al Jazeera ёзишича, Ҳасан ҳамкасблари олдида Ироқ ва Афғонистондаги урушларга, армияда мусулмонларга бўлган муносабатга қайта-қайта эътироз билдирган. Суд ҳужжатларига кўра, ҳамкасбларидан бири унинг “Мени жўнатамиз деб ўйлашса, улар қаттиқ адашишади” деганини эслаган.
Майор Нидал Ҳасан хизмат даврида / Фото: CNN
2009 йил 5 ноябрь куни тушдан кейин Ҳасан Форт-Ҳуддаги тиббий бинога кирди. У тиббий рухсат олиш учун узун навбатда турган аскарларга қарата лазер нишонли тўппончадан ўт очди, автотураргоҳ томон қочаётганларни ҳам орқасидан отди. Тахминан 10 дақиқа давом этган ҳужумда 12 нафар ҳарбий ва бир тинч фуқаро ўлдирилди. Яна 32 киши яраланди.
Мавзуга оид
2009 йил 5 ноябрда Форт-Ҳудда ўлдирилган 13 киши / Фото: KWTX
Ҳужумни базанинг полиция ходимлари тўхтатди. Улар узган ўқлардан яраланган Ҳасан белдан пасти фалаж бўлиб қолди ва ҳозир ногиронлик аравачасидан фойдаланади. New York Times нашри бу воқеани АҚШ ҳарбий базасида содир этилган энг қонли отишма, деб атайди.
Ўзини ҳимоя қилмаган айбланувчи
Ҳасан устидан суд ҳужумдан деярли тўрт йил ўтиб бошланди. Al Jazeera ёзишича, айбланувчи ўзини ўзи ҳимоя қилишни танлаган, бироқ деярли ҳимояланмаган. У 13 та ҳолатда қасддан одам ўлдириш ва 32 та ҳолатда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилишда айбланган. Прокурорлар эса иш бошиданоқ унга ўлим жазосини талаб қилишди.
2013 йил 6 август куни Форт-Ҳудда бошланган ҳарбий суд жараёнига полковник Тара Осборн раислик қилди, ҳукмни эса 13 нафар зобитдан иборат ҳайъат чиқариши керак эди. Адвокатларидан воз кечган Ҳасан кириш нутқини “Далиллар отган мен эканимни аниқ кўрсатади” деган сўзлар билан бошлади. У Америка урушида “нотўғри томонда” бўлганини, кейин эса “томонини алмаштиргани”ни айтиб, “бу ишда йўл қўйган ҳар қандай хатоларим учун узр сўрайман”, деди.
Айблов томони 90 га яқин гувоҳни чақирди, Ҳасан эса бирорта ҳам гувоҳ чақирмади ва якуний нутқ сўзламади. Шу сабабли унга бириктирилган захира адвокатлар унинг ягона мақсади ўлим жазосини олиш эканига амин бўлишди.
28 августда ҳайъат уни барча моддалар бўйича айбдор деб топди ва бир овоздан ўлим жазоси тайинланди. Ҳасан армиядан ҳайдалди, шунингдек, барча маош ва имтиёзларидан маҳрум этилди.
Нега 13 йил кутилди?
Ҳукмдан режадаги қатл санасигача 13 йил ўтгани АҚШ ҳарбий адлиясида ўлим жазоси атайлаб секин ва кўп босқичли қилиб қурилгани билан изоҳланади. Қонунга кўра, ўлим ҳукми чиқарилган ишда маҳкум апелляциядан воз кеча олмайди. Шу боис Қуролли кучлар апелляция судига кўрилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилди. 2025 йилда АҚШ Олий суди эса ишни кўриб чиқишдан бош тортган.
Ҳарбий адлия ягона кодексига кўра, ўлим жазоси “президент томонидан тасдиқланмагунча ижро этилиши мумкин эмас”. Шундан сўнг ҳал қилувчи босқич қолди.
2025 йил сентябрида Пентагон армия вазирининг тавсиясини президентга юборишга тайёрланаётгани маълум бўлди. Президент имзоси эса бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб қўйилди. Бу кечикишнинг сабаби расман изоҳланмаган.
Пентагон / Фото: Reuters
Армия низомига кўра, президент тасдиғидан кейин қатл 60–150 кун ичида ўтказилиши керак. 2026 йил 3 декабр шу муддатга тўғри келади, бироқ кун, соат ва жой атайлаб танланган: 2009 йилги ҳужум ҳам пайшанба куни тушдан кейин айнан Форт-Ҳудда содир бўлган. “Албатта, буни Форт-Ҳудда қиламиз. Пайшанба куни, соат бирда, у буни қилган вақтда. Қатлни милтиқли аскарлар ижро этади”, деди Ҳегсет.
Жонли эфир: қанчалик реал ва қонуний?
Айни вақтда Ҳасан ишининг энг кўп баҳс уйғотган жиҳати қатлни жонли эфирда кўрсатиш режаси бўлмоқда, чунки АҚШда қонуний қатллар қарийб 90 йилдан бери омма олдида ўтказилмайди.
Уруш вазири Ҳегсет буни огоҳлантириш воситаси деб билади: “Одамлар буни кўра олиши, қатл оммавий бўлиши учун чоралар кўрамиз. Чунки одамлар бундай ишлар учун жиддий оқибатлар борлигини тушуниши керак”.
Режанинг амалий томони ҳали ноаниқ: Пентагон эфир қаерда бўлиши ва бошқа тафсилотларни айтмаган. Маҳаллий ОАВга кўра, қурбонларнинг оилаларига қатлда шахсан иштирок этиш ёки уни онлайн кузатиш таклиф қилинган.
BBC’нинг ёзишича, Meta ва TikTok қатлларни жонли эфирда кўрсатишни тақиқлайди, Трампга тегишли Truth Social тармоғида эса фойдаланувчилар учун жонли эфир функцияси йўқ.
Ҳуқуқий жиҳатдан ҳам саволлар кўп. Reuters маълумотига кўра, илгари ОАВ қатлларни телевизорда кўрсатишга уринган, аммо судлар бунга йўл қўймаган. Федерал фуқаролик қатллари қоидалари эса қатлни ҳар қандай фото, видео ёки аудио ёзиб олишни тақиқлайди. Ҳарбий қатллар армиянинг алоҳида низоми билан тартибга солинади.
Қарор АҚШ сиёсий ва ҳуқуқий доираларини ҳам иккига бўлди. Ҳар икки томон ҳам Ҳасан оғир жазога лойиқ эканига деярли шубҳа қилмайди, аммо қатлнинг шакли кескин танқидга учради.
Айрим республикачилар бу масалада Трамп ва Ҳегсетни олқишлаган. Ҳужумда ўлдирилган аскарлардан бирининг яқини эса бу қатлдан “хотиржамлик топмаслигини” айтган.
Танқиднинг асосий қисми жонли эфирга қаратилган. Вакиллар палатасидаги демократ Адам Смит бу ғоя “ҳуқуқий тизимни масхара қилишини” айтди. Ўлим жазосини қўллаб-қувватлашини айтган, Трампнинг биринчи муддатида Оқ уйда ишлаган Алисса Гриффин ҳам қатлни жонли эфирда кўрсатиш “жамият учун заҳарли” эканини ёзди.
Ўлим жазосига ҳукм қилинганларни ҳимоя қилувчи адвокат Жон Миллс режани “замонавий даврда мисли кўрилмаган” ва “ноаниқ ҳуқуқий майдонда” турган деб баҳолади. The New York Times эслатишича, оммавий қатллар бугун асосан Эрон, Шимолий Корея ва Афғонистонда ўтказилади, қатл видеоларини тарқатиш эса кўпроқ террорчи гуруҳларга хос деб қаралади.
АҚШда ўлим жазоси тенденцияси
Ҳасан иши АҚШда ўлим жазоси атрофидаги баҳслар яна кучайган пайтга тўғри келди. Ҳарбий тизимда эса бу жазо амалда унутилган эди: АҚШ армияси 1916 йилдан бери 135 кишини қатл этган, охирги ҳарбий қатл 1961 йил 13 апрелда бўлган. Ўшанда 11 ёшли австриялик қизни зўрлаш ва ўлдиришга уринишда айбдор деб топилган оддий аскар Жон Беннетт осиб ўлдирилган эди.
Форт-Ҳуд базасида ўрнатилган мемориал / Фото: New York Times
Ҳарбий ўлим жазоси 1983 йилда суд қарори билан тўхтатилиб, 1984 йилда янги қоидалар ва асосий усул сифатида заҳарли инъекция билан тикланган.
Америка фуқаролик тизимида эса қатллар кўпаймоқда. Ўлим жазоси бўйича ахборот маркази (DPIC) маълумотига кўра, АҚШда 2024 йилда 25 киши, 2025 йилда 47 киши қатл этилган. Ўтган йили янги ўлим ҳукмлари 23 та бўлган. Amnesty International ҳисоботига кўра, 2025 йилда 17 давлатда 2700 дан ортиқ қатл қайд этилган. Энг кўп қатл шу тартибда Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Яман ва АҚШда кузатилган.
Қатл албатта бўладими?
3 декабрь санаси ҳали ўзгариши мумкин. Ҳасан федерал фуқаролик судига “habeas corpus”, яъни ҳибснинг қонунийлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. Агар у бу йўлни танласа, «Трамп маъмуриятидан узоқроқ яшайди», чунки бундай ишлар йиллаб давом этади. Аммо судда ўзини ҳимоя қилмаган Ҳасан бу йўлни танламаслиги ҳам мумкин.