Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзгидромет: Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлашиши табиий ва мавсумий омиллар билан боғлиқ
Сўнгги кунларда, айниқса Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли заррачалар миқдорининг ошиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлган бир неча табиий омиллар – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия, ёғингарчилик етишмаслиги ҳамда табиий чангланиш кучайиши билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет директори Шерзод Ҳабибуллаев расмий баёнот берди.
Фото: Kun.uz
Ўзгидромет маълумотларига кўра, сўнгги кунларда мамлакатда, айниқса Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли заррачалар миқдори ошиши кузатилмоқда. Ташкилот томонидан амалга оширилаётган доимий мониторинг натижалари бу ҳолатни бир вақтнинг ўзида кучайиб намоён бўлган бир нечта табиий омиллар билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда.
Таъкидланишича, биринчи омил — кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия жараёнидир. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати тез ўзгарди, иссиқ кунлардан совуқ кунларга ўтиш даврида инверсия деб аталувчи табиий жараён юзага келди. Инверсия пайтида совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолади ва ҳаво қаватлари аралашмайди. Шу сабабли майда заррачалар паст ҳаво қатламида тўпланиб, қисқа вақт ичида уларнинг концентрацияси кескин ошади. Бундай ҳолат ҳар йили ноябр–феврал ойларида Тошкент, Олмаота, Бишкек, Душанбе каби шаҳарларда кузатилади.
Иккинчи омил сифатида ёғингарчиликнинг йўқлиги қайд этилмоқда. Синоптиклар маълумотларига кўра, ноябр ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади, ёғингарчилик ҳажми иқлимий меъёрдан анча паст. Ёғингарчилик йўқлиги ҳаводаги майда заррачаларнинг табиий “ювилиши”ни чеклаб, уларнинг атмосферада узоқ муддат сақланиб туришига олиб келади.
Учинчи омил — арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон қуруқ ва яримқуруқ иқлим ҳудудига киради. БМТ экспертлари бу минтақани дунёда арид жараёнлар энг тез кечаётган маконлардан бири сифатида қайд этган. Арид жараёнлар, ўсимлик қопламининг камайиши ва иқлим исишининг таъсири остида шамол таъсиридаги табиий чангланиш ошади. Шу боис бу йил чангланиш одатдагидан кўпроқ намоён бўлиб, ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам PM10 кўрсаткичининг ўсишига туртки берди.
Синоптиклар прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни 24 ноябргача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳолат экани таъкидланмоқда. Об-ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимиятлар, коммунал хизматлар ва масъул идоралар томонидан қуйидаги амалий чоралар кўрилмоқда:
- кўча ва йўлларни намлаш;
- яшил ҳудудларни қўшимча суғориш;
- жамоат жойларини нам тозалаш;
- аҳоли учун тавсия ва огоҳлантиришлар етказиш;
- атмосфера ҳавосини доимий мониторинг қилиш.
Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ҳолатига оид асосий кўрсаткичларни кунига икки марта — эрталаб ва кечқурун расмий ахборот каналлари орқали эълон қилиб бораётганини маълум қилди.
Ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, кузатилаётган ҳолат табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён бўлиб, барча ваколатли давлат органлари ўз ваколати доирасида вазиятни доимий назорат қилмоқда, зарурат туғилганда аниқ ташкилий чоралар кўрилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар, мазкур масалада ҳар қандай муҳим ўзгаришлар ҳақида аҳолига ўз вақтида ахборот бериб боришни доимий давом эттирамиз”, — дейилади Ўзгидромет директорининг баёнотида.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
10:06 / 04.12.2025
Тошкентда ҳаво ифлосланиши: 4 декабр куни ҳам РМ2,5 меъёрдан ошди
09:34 / 04.12.2025