Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда нақдсиз тўловларда оммавий узилиш кузатилди. Бу VPN'ларни блоклашга уриниш билан боғланмоқда
Россияда 3 апрел куни тўлов тизимлари ишлашида оммавий узилишлар рўй берди: картадан тўловлар, пул ўтказмалари ва нақд пул ечиш функциялари бир муддат ишламай қолди. Telegram асосчиси Павел Дуров бу узилишлар мамлакатда VPN'ларни блоклашга уриниш оқибати бўлганини айтмоқда. Аввалроқ бу боғлиқлик ҳақида ёзган айрим маҳаллий манбалардаги хабарлар ўчирилган.
Фото: Asatur Yesayants / Sputnik / Profimedia
Сўнгги вақтларда Россияда интернет чекловлари ортиб бориши билан, VPN ишлатадиган фойдаланувчилар сони ошиб бормоқда.
Жума куни тўлов тизимларининг ишламай қолиши борасида ҳали тўлиқ расмий изоҳ берилганича йўқ. Бу носозлик сабаб Москва метроси одамларга турникетдан пул тўламай ўтишга рухсат беришга мажбур бўлди. Кўплаб жойларда мижозлар фақат нақд пулда тўлов қилишига тўғри келди.
Россиянинг энг йирик банки Сбербанд “техник носозлик” ҳақида хабар берди, лекин аниқ тафсилотларни очиқламади. Айрим рус нашрлари тўловлардаги узилиш – ҳукуматнинг айрим сайтлар ёки VPN'ларни блоклашга уринишлари ортидан келиб чиққани ҳақида ёзди, лекин кейин бу хабарларини ўчириб юборди.
“Россияда Telegram блокланган эди, шунга қарамай 65 миллион россиялик VPN орқали ҳар куни ундан фойдаланяпти, кунига 50 миллионтадан ортиқ хабар юборяпти. Ҳукумат йиллардан бери VPN'ни ҳам блоклашга уриниб келади”, – дея ёзди Павел Дуров.
У бир неча йил олдин Эрон ҳам Telegram'ни тақиқлаб, худди Россияга ўхшаш натижа олганини қайд этди. “[Эрон] ҳукумати зимдан кузатиладиган мессенжерларни оммавий жорий этишга умид қилган эди, лекин унинг ўрнига VPN'ларни оммавий жорий қилиб қўйди”, – деди Дуров.
Telegram асосчиси Эрон ва Россияда VPN ишлатаётган ўнлаб миллион интернет фойдаланувчиларини “Рақамли Қаршилик аъзолари” деб атаган. Унинг қайд этишича, талаб ошгани туфайли ҳозир минглаб одамлар VPN'лар ва прокси сервисларни яратиш устида иш олиб боряпти.
“Биз эса мослашишда давом этамиз: Telegram'даги траффикни аниқлаш ва блоклашни янада қийинроқ қиламиз”, – дея ёзди Павел Дуров.
Феврал ойи охирида Россия расмийлари Telegram'ни 1 апрелгача тўлиқ блоклаш ниятида экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бундай бўлганича йўқ, лекин март ойидаёқ Россиядаги кўплаб фойдаланувчиларда ушбу мессенжер VPN'сиз ишламай қолди.
Рақамлаштириш вазирлиги мамлакатда VPN'дан фойдаланишни камайтириш вазифаси қўйилганини тасдиқлаган.
Мавзуга оид
09:00 / 05.04.2026
Нақдга битмас битимлар ва солиқдан норози санъаткорлар — ҳафта дайжести
09:50 / 04.04.2026
Украинага кучли зарбалар: қурбонлар сони камида ўн кишига етди
10:35 / 03.04.2026
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04 / 03.04.2026