Д.Турғунов таъкидлашича, ҳозирги шароитда инверсия ҳодисаси ҳавонинг вертикал ҳаракатини чеклаб қўйган. Вертикал ҳаракатнинг нотўғри тақсимланиши натижасида майда заррачалар қуйи ҳаво қатламларида тўпланиб, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси маълум вақт давомида турғун сақланиб қолмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузурида тун-у кун 24/7 режимда ишловчи тезкор штаб ташкил этилган бўлиб, у тезкор таҳлиллар ва илмий натижаларга асосланган ҳолда ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Шу негизда бир қатор амалий чоралар кўрилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида кўчаларни чангдан тозалаш ва ювиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, пойтахт ҳудудига туташ ҳудудларда жойлашган иссиқхона хўжаликлари фаолияти ўрганилди. Атмосферага таъсири юқори деб баҳоланган 106 та иссиқхона хўжалиги фаолияти чеклаб қўйилди.

Шаҳарда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳам қатъий назоратга олинган. Ўрганишлар натижасида қурилиш қоидаларини бузган ва атмосфера ҳавосига таъсири юқори бўлган 14 та қурилиш объектига огоҳлантириш берилди, уларга қурилишни қандай тартибда давом эттириш бўйича аниқ тавсиялар етказилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда жойлашган биринчи ва иккинчи тоифага кирувчи саноат корхоналари фаолияти ҳам таҳлил қилинмоқда. Таҳлиллар натижасига кўра, 305 та саноат корхонасида мавжуд 883 та чанг-газ тозалаш ускуналарини модернизация қилиш ишлари бошланган.

Дониёр Турғунов маълум қилишича, тезкор штаб томонидан ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича янги комплекс дастур ишлаб чиқилмоқда. У икки йўналишни ўз ичига олади: қисқа муддатда амалга ошириладиган тезкор чоралар; ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик чора-тадбирлар.

Ушбу дастурни тайёрлаш жараёнига Экология қўмитаси, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мутахассислар ва олимлар жалб этилган. Яқин кунларда дастурни тасдиқлаш учун Ҳукуматга тақдим этиш режалаштирилгани қайд этилди.