Дунё амалиётида ўта кенг ёйилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари институти Ўзбекистонда куртак ҳолидаёқ сўндириляпти. Қишлоқ хўжалигини соғломлаштириш, эркин бозорга яқинлаштириш йўлида муҳим омил бўлган кооперативчилик сунъий тўсиқларга учраяпти.

Кооперативлар. Охирги бир неча йилда бу сўзни жуда кўп марта айтдим. Айтгим ҳам келмай қолди. Чунки қанча гапирилмасин, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кооперативлари ривожланмади. Бутун бошли Сурхондарёда масалан, шу пайтгача атиги 4 та қишлоқ хўжалиги кооперативи очилди. Сабаби оддий – йўл беришмайди, минг бир усул билан кооператив тузишга тўсқинлик қилишади. Нега? Чунки кооперативлар бу – мустақил фермерлар бирлашмаси, пахтани масалан, ўз пулига етиштиради ва табиийки, ўзи сотади. Маҳаллий ҳокимларнинг фикрича, мустақил фермерлар кўпайиб кетса, кластерларга ҳеч ким тобе бўлмай қўяди.

Кластерлар ҳокимларга нимага керак ўзи? Саволга жавоб оддий – ўзингиз тушуниб турган бўлсангиз керак – “тирикчилик”, соҳанинг ва халқнинг зарарига хизмат қиладиган “тирикчилик”. “Конверт” деб номланади бу “тирикчилик”. Мана шунақа содда формула. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг тақдири эса уларни қизиқтирмайди. 

Қишлоқ хўжалиги кооперативи ўзи нима? Бутун дунёда қўлланадиган бир нарса. Содда қилиб айтганда, мустақил фермерлар фаолияти самаралироқ бўлиши учун кучларини бирлаштиради – “бирлашган ўзар” формуласи.

Улар биргаликда уруғ, ўғит, ёқилғини сотиб олишади, оқибатда бу ашёлар арзонга тушади. Қиммат техникаларни биргалашиб сотиб олишади. Етиштирган маҳсулотларини ҳам катта партия қилиб сотишади, майда бўлак қилиб эмас. Ўртакашларга чиқим қилмасдан. Молия ташкилотларидан бирга қарзлар олиш осонлашади. Кучни бирлаштириб қайта ишлашни ташкил қилишади. Катта ишлаб чиқарувчи сифатида нархни савдолашиш имконияти ошади, майдасида унақа имконият ўта паст. Кооперативга бирлашган фермерларнинг экспортга чиқиши ҳам осонлашади. Катта ишлаб чиқарувчи маҳсулот сифатини ҳам ошириши, стандартларга амал қилиши осонлашади. 

Табиийки, бундан бутун жамият ютади – ривожланган қишлоқ хўжалиги ҳаммага керак. Кооперативлар мамлакатнинг ялпи маҳсулотини кўпайтиради.

Муҳим жиҳати – ҳақиқий кооперативларни тузишга... манфаат чорлайди. Топшириқ эмас. Бунақа кўнгилли бирлашув оқибатида катта ишлар қилинади, завод-у фабрикалар табиий равишда юзага келади – шижоатдан куч олган ҳолда, буйруқ билан эмас.

Юрак ютиб таҳририятимизга мурожаат қилган “Ҳосилдор олтинтола” кооперативи раиси Абдурасул Ҳаитовни тинглаймиз. У бир ойдан бери муаммосини ҳал қилолмай Тошкентда яшаб турибди, уйи узоқ Сурхондарёда бўлса ҳам. Мазкур кооперативга 12 нафар фермер бирлашиб, 360 гектар майдонда пахта етиштирган. Аммо Агроплатформа деган ресурсга бу кооперативнинг ҳосили киритилмаган. Натижада битта расмиятчилик сабаб кооператив ўзи етиштирган пахтани сақлаши мумкин бўлмай турибди.