2024 йил 16 октябрда “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони эълон қилинди. Ҳужжатда кўрсатилган ўзгаришлар ва уларга нега эҳтиёж бўлгани ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова изоҳ берди.
Нега профессионал таълим муассасалари бирлаштириляпти?
Ҳозиргача профессионал таълим тизими 3 та турдаги – 333 та касб-ҳунар мактаби, 112 та коллеж ва 227 та техникумдан иборат бўлган. Бу муассасалар табақалашгани ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани сабаб уларнинг қувватларидан унумли фойдаланилмаган.
“Энди президент фармони билан 3 та турдаги муассасалар оптималлаштирилиб, уларнинг негизида барча даражалар ва йўналишлар бўйича кадр тайёрлайдиган ягона муассаса тури – техникумлар ташкил этилади. Бунда 672 та профтаълим муассасалари негизида 600 та техникум ташкил этилади, 71 та таълим муассасалари мактабларга берилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилади. Таълим даражаларининг узвийлиги, узлуксизлиги ва интеграцияси таъминланади ҳамда уларнинг смена коэффициенти нормаллашади”, – деди Назокат Абдуқундузова.
Ўқиш муддати ўқувчи ва касбга мослаштирилади
Масъулнинг тушунтиришича, энди профессионал ва олий таълим модулларини ягона дастурга бирлаштириш ва “2+2”, “1+3” каби мослашувчан дастурлар бўйича ўқитишни йўлга қўйиш мумкин бўлади. Шунингдек, техникумларда ўқиш муддатлари ва давомийлиги касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланади. Мисол учун, экспедитор касби бўйича 9-синф битирувчиси 3 йил ўқиса, 11-синф битирувчиси – 2 йил ўқийди.
Ўзлаштирилган модуллардан келиб чиқиб таълим дастурларининг ўқитиш муддатлари белгиланади. Ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчилари ўзлаштирган модуллари, тўпланган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қиймати(GPA)дан келиб чиқиб, бакалавриатнинг муайян босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Фармонга кўра, техникумларнинг мустақиллиги кенгайтирилади ва улар иш берувчилар талаби асосида фанлар сони ва соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшма дастурларни жорий қилиш имкониятига эга бўлади. Техникумлар буюртмачилар билан контракт асосида кадрларни тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, бу дастурларнинг қабул параметрлари, таълим тили ва қийматини мустақил белгилайди. Шунингдек, техникумларга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, тушган пуллар ҳисобидан ўзининг моддий ҳолатини яхшилаш, ўқувчилар ва педагогларни рағбатлантириш ҳуқуқи берилади.















