Жамият | 12:38 / 24.12.2024
3333
6 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари соҳасидаги сўнгги янгиликлар ва енгилликлар маълум қилинди

Давлат хизматлари соҳасидаги янгиликлар, ўзгаришлар бевосита аҳоли ва давлат ўртасидаги муносабатларга таъсир қилади.

Фото: Kun.uz

Мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳадаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев kun.uz мухбирига гапириб берди.

Аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 18 декабрдаги 847-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 5 турдаги давлат хизматлари проактив тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.

Проактив давлат хизмати дейилганда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматлари тушунилади. Ушбу қарор билан:

  • электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • табиий газни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш хизматларини проактив тарзда кўрсатилиши белгиланди.

Мисол тариқасида, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан (жисмоний шахслар учун – 8 йил, юридик шахслар учун – 4 йил) ўтказиш эндиликда истеъмолчиларнинг мурожаатисиз амалга оширилади.

Бунда, таъминотчи корхонанинг масъул ходими ҳисобга олиш ускунасининг даврий қиёслов муддатига 3 ой қолганда проактив шаклда ҳисобга олиш ускунаси мулкдорининг иштирокида ҳисобга олиш ускунасини ечиб олади ва 2 нусхада далолатнома тузади.

Шундан сўнг, ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхона томонидан далолатнома билан бирга метрология хизматига топширилади ва 3 иш куни ичида метрология хизмати томонидан қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисобга олиш ускунаси қиёслашдан ўтказилгандан сўнг, таъминотчи корхона томонидан 3 иш куни ичида ҳисобга олиш ускунаси фуқаронинг иштирокида ўрнатилиб, 3 нусхада далолатнома тузилган ҳолда тамғаланади.

Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим жисмоний ва юридик шахсларнинг шахсий ҳисобварағидан автомат равишда ечиб олинади.

6 турдаги давлат хизматлари композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда:

  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
  • кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ва ушбу манзилга вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
  • давлатга тегишли бино ёки иншоотни бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • E-auksion электрон савдо платформасида кўчмас мулк объектларини сотиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • тиббий фаолият учун лицензия билан бирга рентген ускунасидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш;
  • хавфли юкларни ташиш учун сиғимларнинг яроқлилиги тўғрисида хулоса билан бирга ядровий ва радиоактив материаллар, радиация манбалари, радиоактив чиқиндилар ва қурилмаларни ташиш шартлари ва усулларининг санитария қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш.

Композит давлат хизмати бу жисмоний ва юридик шахсларнинг битта мурожаати асосида ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган икки ва ундан ортиқ давлат хизматлари мажмуасидир.

Ушбу қарор билан ўзгаришларга асосан, мисол учун, аризачилар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш (Давлат кадастрлари палатаси) билан бир вақтнинг ўзида хоҳишига кўра ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш (Ички ишлар вазирлиги) учун мурожаат йўллаши мумкин.

Бунда, Давлат кадастрлари палатаси томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганда Ички ишлар вазирлиги томонидан аризачи ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилади.

Ҳозирги вақтга қадар мазкур жараёнлар ваколатли органлар томонидан алоҳида мурожаатлар асосида амалга оширилган.

Мазкур қарор билан белгиланган давлат хизматларини проактив ва композит шаклда кўрсатилиши 2 ой муддатда йўлга қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 86-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали қуйидаги 2 турдаги рухсат этиш хусусиятига эга давлат хизматлари кўрсатиш паспортлари тасдиқланди:

  • махсус киритиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик воситалар ва материаллар полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотини олиб кириш хамда ишлаб чиқариш учун рухсатнома;
  • маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ёки вақтинча олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 88-сон қарорига қуйидаги 3 турдаги фаолият турларини хабардор этишни назарда тутувчи давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди:

  • божхона брокери фаолияти;
  • халқаро куръерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолияти;
  • нодавлат архивларни ташкил этиш бўйича фаолият.

Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги

101-сон қарори билан тасдиқланган Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомда (3-илова) белгиланган нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этишга доир ортиқча тартиблар бекор қилинди.

Яқинда ташкил этилган матбуот анжуманида адлия вазири ўринбосари 2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 403 турдаги хизматлар кўрсатилаётганлигини, ҳар куни ўртача 100 мингга яқин фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланаётганлигини таъкидлаган эди.

Хусусан, фуқароларнинг шахсан ўзи келган ҳолда 2023 йил давомида 9,3 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 10,5 млн.дан ортиқни ташкил этди.

Мавзуга оид