
Сенат Кенгашининг 17 декабрдаги қарори билан, “Ташаббусли бюджет” жараёнларига ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга асосан:
- лойиҳалар ғолиб деб топилиши учун минимал овоз сони 50 та этиб белгиланди (аввал 10 та эди);
- жиҳозлаш лойиҳалари учун энг юқори қиймат БҲМнинг 2 минг баробари этиб белгиланди (аввал 4 минг баробар эди).
Эндиликда қуйидагиларга “танаффус” бериш амалиёти қўлланмайди:
- маҳаллалар сони 15 та ва ундан кам бўлган туман(шаҳар)даги маҳаллаларга;
- “ТОП-100”таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларга;
- лойиҳани шериклик асосида амалга оширган маҳаллаларга.
Бунда, лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллаларга шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилади.
Овоз бериш босқичи якунлангандан сўнг 10 кун давомида қўшимча ғолиб лойиҳаларни аниқлаш бўйича 5-босқич ўтказилади.
Қўшимча ғолиб лойиҳалар қуйидаги усулда аниқланиши мумкин:
- Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг депутатлари – ғолиб бўлмаган лойиҳага етишмаган маблағни туман бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратиш орқали;
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан битта лойиҳани танлаш орқали.








