Ўтган ҳафтада мазкур аэропортга берилган зарбалар оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлган, шундан 13 та ўлим ҳолати шанба кунги зарбадан кейин қайд этилган – бу мамлакатда сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт давомидаги энг ажалвор ҳужум бўлди. Юзлаб кишилар жароҳат олган. Саудия Арабистони расмийлари ҳусийчиларга қаттиқ жавоб қайтарилишини ваъда қилмоқда.

Душанба куни Саудия Арабистони фуқаролик авиацияси бош бошқармаси «қирол Холид номидаги халқаро аэропорт фаолиятидаги танаффус узайтирилгани»ни эълон қилди, аммо гап қандай муддат ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмади.

Форс кўрфази мамлакатларига парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялардан биридаги манбанинг сўзларига кўра, душанба куни Саудия Арабистони авиация маъмуриятидан олинган хабарномаларда аэропорт фаолияти камида иш ҳафтаси охиригача тўхтатилиши билдирилган.

Ар-Риёд метрополитенининг юқори мартабали расмийси ҳам AFP мухбирига ҳукумат аэропортга хизмат қилувчи учта станцияда поездлар ҳаракатини тўхтатганини айтган.

Саудия Арабистони энергетика вазири Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийчиларнинг аэропортлар ва нефт-газ соҳаси объектларига бўлаётган ҳужумларига «жиддий» жавоб қайтарилишини ваъда қилган.

«Сўнгги ҳафталардаги воқеалар жиддий тус олди. Бизнинг жавобимиз ҳам худди шундай жиддий бўлиши керак», – деди шаҳзода Абдул Азиз ибн Салмон Ар-Риёдда бошланган WPC Жаҳон энергетика конгрессидаги чиқишида.

Ҳусийчилар саудияликларнинг Яман ғарбидаги «шафқатсиз тажовузи»га жавобан зарбалар берганини маълум қилган.

Ҳусийчилар назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги якшанба куни Саудия Арабистонининг Яман пойтахти Санодаги турар жойлар бўйлаб йўллаган авиазарбаси оқибатида ёш бола ҳалок бўлиб, яна олти киши жароҳат олганини хабар қилган.

Саудия Арабистонидаги коалиция Яманнинг Қизил денгизи соҳиллари ва бошқа ҳудудлари бўйлаб ҳусийчиларга қарши юриш қилаётган ҳукумат кучларини ҳаводан қўллаб-қувватламоқда.

Саудия Арабистони позицияси

AFP via Getty Images
Саудия Арабистони энергетика вазири, шаҳзода Абдул Азиз ўз мамлакати бу синовларни ортда қолдиришини ваъда қилди