Apple 2021 йилдан бери турли миш-мишларга сабаб бўлиб келган ақлли уйни бошқаришга мўлжалланган ўзининг илк HomeView бренд хабини тақдим этди. Бу 7 дюймли сенсорли экран, А18 процессори ҳамда FaceTime видеоқўнғироқлари учун камерага эга қурилмадир.

Унинг асосини янгиланган Siri AI овозли ёрдамчиси ҳамда хонадондаги ҳар бир киши учун мослаштирилган интерфейсни ишга туширувчи юзни таниш функцияси ташкил этади. Шахсни аниқлагач, HomeView шахсий хабарлар, тақвимлар, эслатмалар ҳамда уйнинг индивидуал созламаларини кўрсатади.

Apple

Қурилманинг асосий вазифаси – уйдаги барча жиҳозларнинг бошқарув маркази бўлишдир. Бунинг учун компания LG ва Schneider Electric билан ҳамкорликда бир қатор аксессуарларни чиқарди: видеокузатув камералари, термостатлар, ақлли қулф. Шунингдек, HomeView орқали FaceTime’да мулоқот қилиш ва AirPlay қўллаб-қувватланадиган динамикларда мусиқа қўйиш мумкин.

Қурилмани стол устига қўйиш ёки деворга маҳкамлаш мумкин. HomeView ўз аккумуляторига эга эмас, шу сабабли ишлаши учун уни электр тармоғига улаш талаб этилади. Корпусининг пастки қисмида товушни реал вақт режимида оптималлаштирувчи иккита махсус тўлиқ частотали драйвер жойлашган.

HomeView учун олдиндан буюртма бериш бошлаб юборилди, расмий сотувлар эса 13 ноябрдан бошланади. АҚШ ҳудудигаи нархи 299 долларни (тахминан 3,5 млн сўм) ташкил этади. Siri AI ҳозирча iOS тизимида мавжуд бўлмагани сабабли, янги маҳсулот Европада вақтинча сотилмайди.

Шу билан бирга, Apple бугун А19 базасидаги янги Apple TV 4K приставкаси, HomePod mini 2 динамиги ҳамда Apple Home Collection аксессуарларини намойиш этди. Уларнинг барчаси янгиланган Siri AI овозли ёрдамчисини қўллаб-қувватлайди.