Ҳусийлар Саудия аэропортларига ҳужум қилди

7 октябр куни Ямандаги ҳусийлар Саудия Арабистонининг икки йирик ҳаво дарвозаси – Ар-Риёддаги Қирол Холид ва жанубдаги Абҳа халқаро аэропортларига дрон ҳамда ракеталар билан зарба берди. Ҳужумлар оқибатида жами 3 киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланди. Бу сўнгги йилларда пойтахт Ар-Риёд аэропортида қайд этилган илк ўлим ҳолати ҳисобланади.

Ҳусийлар, шунингдек, Яман ҳукумати назоратидаги Адан халқаро аэропортини ҳам баллистик ракеталар билан нишонга олган.

Мазкур ҳужумлар 2022 йилги мўрт сулҳдан сўнг Яманда қайта бошланган урушни янада кескинлаштирди. Бунга жавобан Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция ҳусийларнинг 80 дан ортиқ ҳарбий объектига ҳаводан зарба берди.

Саудия аэропортларига қилинган ҳужум – валиаҳд шаҳзода Ар-Риёдда ўтказишни режалаштирган йирик халқаро форум олдидан қироллик учун ўта ноқулай вазиятни юзага келтирди.

Можарога бошқа давлатлар ҳам тортилмоқда. Хусусан, Покистон Саудия инфратузилмасини ҳимоя қилиш мақсадида 8 мингга яқин ҳарбий ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмларини сафарбар қилгани айтилмоқда.

New York Times билан гаплашган амалдорларга кўра, Покистон қирувчилари чоршанба куни ҳусийларга қарши ҳужумларда қатнашган. Аммо Покистон мудофаа вазирлиги бу хабарларга изоҳ бермади. Покистон Саудия билан мудофаа келишуви тузган, шунингдек, улар ҳусийларни қўллаётган Эрон билан яхши муносабатларга эга. Шу боис айрим таҳлилчилар Покистон кучлари ҳужумларда қатнашиши борасида шубҳа билдирмоқда.

Шунингдек, Саудия иттифоқчиси Туркия ҳам сўнгги кескинликлар фонида қиролликка мудофаа ва техник кўмак юбормоқда. Сурия етакчиси Аҳмад Аш-Шаръа ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Жангларнинг қайта алангаланиши оқибатида Яманда ҳуманитар инқироз янада оғирлашган. Халқаро миграция ташкилоти сўнгги можаролар сабаб 200 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганини маълум қилди. БМТ хабарига кўра эса, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳар тўрт оиладан учтаси очарчиликдан азият чекмоқда.

Россия-Украина уруши

Чоршанба куни Россия Украинага ракета ва дронлар билан навбатдаги зарбалар тўлқинини йўллади. Бунинг оқибатида камида 32 киши, шу жумладан, болалар ҳалок бўлди, шунингдек, саноат ва энергетика инфратузилмалари зарар кўргани айтилмоқда.