Жорий йил август ойида Тайваннинг Тинч океани соҳилида Хитойнинг қирғоқни қўриқлашга кўмаклашувчи ҳарбий-денгиз флоти қайиғи яна иккита кема билан бирга кўзга ташлангани маълум бўлди. Apex Aviation кузатув ҳисоботини кўриб чиққан Reuters нашрига кўра, ушбу нозик ҳудудда бундай турдаги кема биринчи марта учрамоқда.
Ҳисоботда "Minfudingyu 07902" балиқ овлаш қайиғи сифатида қайд этилган. Бундан ташқари, у Хитой ҳарбийлаштирилган кемаси вазифасини ҳам бажаради. Ушбу кема август ойи ўрталарида Хитой қирғоқни қўриқлаш катерлари ва илмий-тадқиқот кемаси билан биргаликда ҳаракатланаётганида кўзга ташланган.
Учала кема "Хитой кемалари кўп фойдаланмайдиган ҳудудда" фаолият юритган ва улар устидан "кучайтирилган назорат ўрнатилган".
Нашрнинг ёзишича, Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой июнь ойидан бери мунтазам патруль хизмати билан оролнинг шарқий қирғоғида фаолликни оширмоқда. Тайван Пекиннинг суверенитет даъволарини рад этди. Расмийларнинг Reuters'га айтишича, Хитой ўзининг ҳарбий, ҳарбийлаштирилган ва фуқаролик воситаларидан фойдаланиб, эҳтимолий денгиз қамалига тайёргарлик кўрмоқда.

Тайван эса қамал ёки зиддият юзага келганда айнан шарқий қирғоқдаги ҳудудни иттифоқчиларнинг таъминот йўллари учун ўта муҳим деб ҳисоблайди.
Расмийлар нима дейди?
Хитой "ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва илмий тадқиқотларни ниқоб сифатида ишлатиб, зиддиятсиз сценарий пайтида – де-факто юрисдикция иллюзиясини яратиш учун ўз ҳаракатлари қамровини кенгайтирмоқда". Тайван Мудофаа вазирлиги ҳисобот ҳақида сўралганда Реутерс агентлигига айнан шундай изоҳ берган.
Шунингдек, вазирлик бундай ҳаракатлар халқаро тартибга путур этказиши ва Тайваннинг денгиз ҳуқуқларига хавф туғдиришини айтиб ўтди.
Хитойнинг Тайван ишлари бўйича бошқармаси ва Мудофаа вазирлиги эса изоҳ сўраб юборилган сўровларга жавоб бермаган.
















