Ўзбекистон | 19:53 / 16.11.2021
8613
2 дақиқада ўқилади

107 ёшида ёр-ёр айтадиган момо

Саадат момо Абдуллаева 1914 йили Тўрткўл туманида туғилган. У 1 январда 108 ёшни қарши олади. Саадат момо Қорақалпоғистоннинг энг олис ҳудуди Мискин овулида яшайди.

Меҳнат фаолиятини 1938 йили колхозда бошлаган. II жаҳон урушида фронт ортида меҳнат қилган.

«Колхозда ишладим. Ер ағдардим. Қазув қаздим. У пайтлари техника йўқ эди. Каналларни қаздик. Ундан кейин техника чиқди», — дейди юздан ошган момо.

107 ёшли момо уруш даври хотираларини айтиб берди: «Уруш даври ҳамма жангга кетди. Ундан ҳеч ким қайтмади. Урушда эрим ўлди. Ўлик кўмишга одам қолмади. Охири кекса аёллар ўлик кўмишди. Ана, Ражаббой бувангни аёллар қабристонга олиб боришган».

Нукусдан 200 км олисда яшаётган момо газ йўқлигидан шикоят қилди: «Қишда қаерда газ бўлсин?! Кесиб ташладилар. Газ йўқ. Фақат овқат пишириш учун газ баллон, плита бор. Бошқа газ йўқ. Берган пулига ўтин сотиб оламиз. Совуқ қотсак нима қилайлик? Кошки, бошқа иложи бўлса. Совуқ куни совуқ қотиб, иссиқ куни қизиб ўтирамиз, болам!»

Саадат Абдуллаева урушдан кейин 31 йил мактабда фаррошлик қилган. У бир ўғли ва иккита қизидан айрилган. Эри эса урушдан қайтиб келмаган.

Кекса момони ҳозир ҳам тўйларга таклиф қилишади. У хонадонга янги тушган келинларга ёр-ёр айтади. 108 ёшга яқинлашаётган момонинг сочлари қорайишни бошлаган. Момонинг 2 та қизидан 8 невара, 15 чевара ва 4 эвараси бор.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид