АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтонда қурилиши режалаштирилаётган Зафар аркаси ҳарбий база вазифасини ҳам бажариши мумкинлигини билдирди.
Трамп 20 сентябр куни Truth Social тармоғида эълон қилган баёнотида иншоотда кўп миқдорда дронларни сақлаш ва зарурат туғилганда уларни тезкорлик билан ишга тушириш имкони бўлишини айтди.
Президентнинг режасига кўра, мажмуада снайперлар жойлаштирилиши ва улар учун катта ҳажмдаги ўқ-дорилар сақланиши ҳам мумкин. Трамп бундай объект дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида бўлмаслигини таъкидлади.
Дастлаб мазкур иншоот АҚШ пойтахтининг янги туристик диққатга сазовор жойи сифатида тақдим этилган эди. Лойиҳага кўра, арканинг том қисмида Вашингтон манзарасини томоша қилиш учун кузатув майдончаси барпо этилиши керак эди.
Бироқ Трамп энди объектда дронлар ва снайперларни жойлаштириш режасини ҳам илгари сурмоқда. Президент бу ғоя ҳарбийларнинг илтимоси ва миллий хавфсизлик масалалари билан боғлиқ эканини айтди. У режанинг ҳарбий ва техник тафсилотларини очиқламади.
Шунингдек, иншоот вазифасининг ўзгариши янги рухсатномалар олишни талаб қиладими ёки йўқми — ҳозирча номаълум.
Париждаги аркадан баланд бўлади
Аввалги режаларга кўра, Вашингтондаги Зафар аркасининг баландлиги 76 метрдан ошиши керак. Бу 1836 йилда қурилган ва баландлиги қарийб 50 метр бўлган Париж Зафар аркасидан анча баланд бўлади.
Янги иншоот Колумбия федерал округининг чекка қисмида, Арлингтон мемориал кўприги орқали Линколн мемориалига олиб борувчи айланма йўл ҳудудида қурилиши режалаштирилган.
Трамп аввалроқ бу ерда дунёдаги энг катта ва энг чиройли Зафар аркасини барпо этиш истагини билдирган эди.
Лойиҳанинг аниқ қиймати ва уни молиялаштириш манбалари ҳозирча маълум эмас. АҚШ оммавий ахборот воситалари келтирган дастлабки баҳоларга кўра, қурилиш 100 миллион доллардан 250 миллион долларгача маблағ талаб қилиши мумкин.
Иншоотни ҳарбий мақсадларга мослаштириш эса лойиҳа қийматини янада ошириши эҳтимол қилинмоқда.
Аэропорт яқинида дронлар базаси

















