Жамият | 12:51
20088
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 13 яшар қиз она бўлди. Гумонланувчи қамоққа олинган

Ҳолат бўйича номусга тегиш моддаси билан иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган. У оилага аввалдан таниш бўлган. Жиноят кодексига асосан, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш – 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Сунъий интеллект чизган сурат

Бухоро вилоятида 13 ёшли қиз фарзандли бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аввал тарқалган миш-мишларда 12 ёшли қиз ўгай отаси томонидан зўрлангани айтилган эди. Болалар омбудсмани Kun.uz сўровига жавобан бу маълумотни рад этди. Қайд этилишича, қиз айни пайтда 13 ёшда бўлиб, ҳомиладорлик ҳолати ҳомила 6 ойлик бўлган вақтда аниқланган.

“Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс ўгай ота эмас, балки оилага таниш шахс бўлган. Ушбу шахс қамоққа олинган ва айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бола манфаатида, айбдорга қонундаги энг қатъий жазо қўлланилишини кузатиб борамиз”, дейилади омбудсман ахборотида.

Яқинда Фарғонада ҳам 14 яшар қизнинг тўрт нафар шахслар зўрлагани аниқланиб, жиноий иш қўзғатилган эди.

Ўтган ҳафта президент тасдиқлаган 2026 йилги давлат дастурига кўра, 14 ёшга тўлмаганларга нисбатан жинсий зўравонликлар учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш белгиланган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш – 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид