Жамият | 10:47 / 10.05.2018
137067
7 дақиқада ўқилади

Обод маҳалланинг андижонча қурилиши: одамлар нимадан норози?

Ирода соатга бир қараб қўйди-да, ҳўл сочини тезроқ қуритиб, ўқишга кеч қолмаслик пайига тушди. Ўзбекнинг меҳмондўстлигидан айланай, соат 7 бўлиши билан эшик тақиллаб қолди. Бироқ "кутилмаган меҳмонлар" уйга бирин-кетин кириб, томдан тараша тушгандай, Иродаларнинг уйи шу бугун, ҳозироқ бузилиши маълум бўлди.

Mover.uz' да кўриш

Жорий йилнинг 8 май куни ушбу ҳолат Андижон шаҳар, Мустақиллик МФЙда истиқомат қилувчи кўпчилик билан юз берди. Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг айтишича, Пушкин кўчасида жойлашган 110та хонадон ҳокимлик қарорига кўра бузилмоқда. Асос битта - давлат раҳбарининг ташаббуси билан бошланган "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурига киритилган мазкур кўча ҳам тез орада ўзгача виқор билан қад ростлайди. Ушбу уйларда яшовчи аҳолига тушунарсиз нарса эса нега дабдурустдан, 12 соат аввал вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан учрашган кишиларнинг уйи бузилмоқда. Қолаверса, тушунарсиз вазиятлар жуда кўп: дастурга киритилган маҳалла аъзолари нега кўчириб юборилмоқда? Нимага кўчларни йиғиштириб, бамаслаҳат иш кўришга имкон берилмади? Улар энди қаерда яшайди?

Ушбу жараён тўғрисида маълумот етиб келиши билан, масалага ойдинлик киритиш мақсадида Андижон шаҳри сари отландик. Хаёлда эса минг хил ўй чарх ура бошлади. Ишқилиб, мен ўйлаганчалик аянчли аҳвол устига бормайлик. Минг қилса ҳам инсонмиз, ахир. Жонимиз ачийди.

Тахминан кундузги соат 10лар арафасида шаҳардаги Пушкин кўчасига етиб келдик. Сизга атрофдаги "об-ҳаво"ни баён этсам, бу кўча аҳоли гавжум (аслида Андижон вилоятининг ўзи энг аҳоли тирбанд ҳудуд ҳисобланади) мавзе - Янги бозор деҳқон бозорига жуда яқин жойлашган. Табиийки, бу атрофда яшаётган деярли ярим аҳолининг асосий даромади мана шу бозорга боғланган. Қолаверса, кўча собиқ Иттифоқ пайтида анча нуфузга эга бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳозир бироз абгор ҳолатга тушган. Ички кўчалар, канализация ва коммунал хизматлар қониқарсиз аҳволда. Шунга қарамай, Пушкин кўчаси жойлашган Мустақиллик МФЙда 1326 нафар киши истиқомат қилади. Мен бу рақамнинг рост эканига шубҳам бор, гап шундаки, маҳаллада Андижон вилоятининг бошқа туманларидан доимий рўйхатга қўйилган кишилар жуда кўп.

Ҳокимият вакиллари ва жабр кўраётган кишилар

Хуллас, қурувчилар (ёки бузувчилар, таъбга кўра атайверинг) иш бошлаган кўчага кирдик. Журналист бундай ғалвада тезда кўзга ташланади. Ички ишлар ходими, ҳокимият вакиллари бизни дарров қарши олди, шубҳали назар билан ҳар бир қадамни кузатиб туришди. Ажаб, расмий вакил вазиятга ойдинлик киритишда биринчи кўмакчи, ахир унинг сўзлари биз учун айни ҳақиқат. Аммо ҳар доимги дард - ҳокимият мутасаддиларининг журналистлардан ўзини олиб қочиши туфайли, ахборот бўшлиғи, унинг кетидан "ёвуз кучлар" бўҳтонлар ёмғири пайдо бўлади. Ўз наздида жабр кўраётган кишилар мулоқотга ташна, улардан бири қуршаб олинган журналистга шундай дейди:

"Президентимиз бошлаган ислоҳотларни асло ёмонотлиққа чиқариш ниятимиз йўқ, ўзим ҳам шу эски хонадондан чиқиб, янги уйларда эмин-эркин яшашни истайман. Аммо, нега аввалдан огоҳлантиришсиз, бирдан бузиш ишлар бошланиб кетди? Биз ҳам инсонмиз, Ўзбекистон фуқаролари, ахир Конституцияда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларимни ҳимоя қилинишини сўраяпман", аҳоли вакилларидан бири Ҳотам Тўхтаев.

Англашиладики, кишиларнинг аксарияти  бу бузилишга қарши эмас, бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Улар фақат ҳокимиятни ишларни тўғри ташкил этмаганликда айбламоқда. Аммо бу жараёнда вазият чигал, яъни бузилиши эълон қилинган 98та хонадондан 5тасида мулкни тегишлилигини белгиловчи ёхуд асословчи ҳужжат йўқ. 93та уйнинг ҳам айримлари хусусий мулк, шахсий хонадон, яна бошқалари умумий муниципиал уйлар. Халқчил қилиб, “двор” деб аташ мумкин.

"Менинг уйим 4 сотих майдонда қурилган, шахсий мулк ҳисобланади. Бу ерда қиз невараларимга қараб ўтираман. Қизим Россияда, тақдир тақозоси билан меҳнат қилишга мажбур. Агар уйим бузилиши керак бўлса, шунга мос турар жой тақдим этсин. Кимдир мактабга, ўқишга, ишга қатнайди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан ким шуғулланади? Мен мақбул бўлган таклифларга розиман, аммо ҳокимият мулоқот қилишни ҳам истамаяпти-ку", дейди хонадон эгаларидан бири.

Андижон шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Анвар Ҳошимовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, уйлари бузилаётган ҳар битта хонадон эгаларига Хўжаобод туманига яқин бўлган “Қозоқ” мавзесидан 2 сотихли ер-участкаси ажратилмоқда.

“Бузиш давомида ажратиб олинган иккиламчи қурилиш моллари ер-участкага бепул етказиб берилмоқда. Шунингдек, янги уйларни қуриш давомида ҳар бир хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш учун ҳомийлар бириктирилди”, дейди ҳоким ўринбосари.

Шароит ва яшаш стандартлари бўйича аъло даражада яшамаётган бўлса-да, айрим кишилар ер-участкасининг ваъда қилинган Боғишамол ҳудудидан ўтиб, Хўжаобод туманига туташ жойдан берилаётганидан норози.

Бундан ташқари, ер-участкасида ҳали қурилиш бошланмаган бўлса, Пушкин кўчасида эса эски уйларни бузиш авжида, кишилар янги уйлар битгунча қаердадир яшашга муҳтож-ку. Ҳокимият бу ҳақда қайғурибди, фақат сал камроқ қайғурибди. Негаки, Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ҳамда Андижон автомобиль йўллари қурилиш касб-ҳунар коллежи талабалар ётоқхоналарида вақтинча яшаш учун жойлар ҳозирланган.

Аммо, лекин, бироқ... Ҳожатхонада сув йўқ, оддий гигиеник қоидаларга риоя этиб яшашнинг имкони мавжуд эмас. Хоналар талабаларнинг турмуш тарзига мўлжаллангани учун оила шароитида яшашга ноқулай. Бир оиланинг вояга етган қизи, ҳар қалай, умумий ювиниш хонасига кириб, йўлак бўйлаб яна шу алфозда юришини тасаввур қилолмадим.

Хулоса шу бўлдики, халқ билан мулоқот йили тугаб, Андижон шаҳар ҳокимлиги аҳоли вакиллари билан мулоқот қилишни унутибди. Агар кимдир уларни тингласа, муроса бўлиши аниқ, фақат тинглаб, тинглаганда ҳам мурожаатларини инсон қалби билан ҳис этиш зарур.

PS: Андижон сафарини якунлаб, йўлга чиққанимизда, юракда бир ғашлик пайдо бўлди. Наҳот, яна шу оддий халққа зуғум қилинса?! Аммо, фикримни телефон қўнғироғи бузиб юборди. Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев барча аҳоли юзага келган вазиятдан мамнун бўлишини қатъий айтди. У ҳокимиятнинг асосий вазифаси халқни рози қилиш эканини яна бир бор эслатди. Сўзлардан кейин кўнгил таскин топгандай, аммо булар сўзлар-ку...

Алишер Рўзиохунов
Kun.uz журналисти

Маъруф Асқаров 
Kun.uz тасвирчи-оператори

Мавзуга оид