Ўзбекистон | 09:33 / 19.11.2025
2933
2 дақиқада ўқилади

Тошкент бозорларида тижорий мақсадда видео олиш пулли бўлди

Пойтахт ҳокимининг қарори билан, бозорлар ва савдо комплексларида тижорий мақсадда видео ёки тасвирга олиш пулли бўлди: тўлов миқдори – соатига 5 млн сўм. Бу тартиб чет эл фуқаролари ва ОАВ ходимларига тааллуқли эмас. Шунингдек, бозорларнинг автотураргоҳлари учун янги тарифлар ҳам тасдиқланди: шанба-якшанба кунлари 4 соатдан ортиқ вақт учун 50 минг сўм ундирилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг қарори билан, шаҳардаги бозорлар ва савдо мажмуаларида кўрсатиладиган айрим хизматлар учун янги тарифлар жорий этилди.

Эндиликда пойтахт бозорлари ва савдо комплексларида тижорий мақсадда видео ёки тасвирга олишнинг бир соати учун 5 млн сўм миқдорида тўлов ундирилади. Бу чеклов хорижий туристлар ва оммавий ахборот воситаларига татбиқ этилмайди.

Қарор билан, бозорлар автотураргоҳларида енгил автомобиллар учун янги тўлов миқдорлари ҳам тасдиқланди. Бунда шанба–якшанба кунлари учун тарифлар оширилган:

  • 20 минутгача вақт учун – 5 минг сўм;
  • 40 минутгача вақт учун – 7 минг сўм;
  • 1 соатгача вақт учун – 8 минг сўм;
  • 2 соатгача вақт учун – 9 минг сўм;
  • 3 соатгача вақт учун 25 минг сўм;
  • 4 соатгача вақт учун 35 минг сўм;
  • 4 соатдан ортиқ вақт учун эса 50 минг сўм ундирилади.

Бошқа кунлари эса тарифлар нисбатан пастроқ бўлиб қолади.

Янги нархлар “бозорлар яқинида тирбандликни камайтириш ва автотураргоҳлар юкламасини тартибга солиш мақсади” билан изоҳланган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид