Январ ойида фермерларга кластерларни эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Февралда эса кооперативлар тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Лекин бу ҳужжатларда ёзилган эркинликлар фермерлар учун амалда орзулигича қолмоқда.
2025 йил 17 январ куни имзоланган президент фармони билан, пахта етиштирувчиларга ҳудудий миқёсдаги харидорларни эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Унга кўра, фючерс шартномалари 1 ноябрдан 1 июнгача бўлган муддатда тузилади. Бу вақт давомида кластерлар белгиланган минимал миқдордан паст бўлмаган нарх таклифини биржага жойлайди, фермерлар эса ўзига маъқул таклифни танлаб, шартнома тузади.
Фармонда пахтани ўз ҳисобидан етиштирганларга субсидия ажратилиши ҳам белгиланган. Ўз ҳисобидан етиштирмоқчи бўлган фермерлар, масалан, кооперативга бирлашиши мумкин. Куни кеча, 2025 йил 12 февралдан эътиборан “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Пахтачиликда бозор механизмларини жорий этишга қаратилган бу ҳаракатларни фермер ва деҳқонлар, иқтисодчилар, жамоатчилик фаоллари ижобий қарши олди. Аммо янги белгиланган ўйин қоидаларининг амалда ишлаб кетиши осон кечмаяпти.
Kun.uz'га маълум бўлишича, республика бўйлаб фермерларни биржадаги бошланғич нархга рози бўлган ҳолда маҳаллий кластерлар билан фючерс шартномалари имзолашга мажбурлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим туманларда масъуллар фермерларнинг биржа платформасига кириш логин-паролларини олиб қўйиб, уларнинг номидан шартномалар тузаётгани айтиляпти.
Фючерс шартномасини айнан ҳозир имзолашни истамаган фермерлар босимга учрамоқда. Фармонда фючерс битимлари 1 июнгача тузилиши белгиланганига қарамай, пахта етиштирувчилар тезроқ шартнома қилишга мажбурланмоқда. Ўз навбатида, Kun.uz манбаси тақдим этган видеода, соҳа раҳбари Шуҳрат Ғаниев шартномалар тезроқ тузилиши учун селекторда маҳаллий амалдорларни шошираётганини кўриш мумкин.









